Абу Али ибн Сино ошқовоқ тўғрисида ажойиб фикрлар айт­ган:

"... Ошқовоқни қайнатиб шарбати ичилса, йўтал ва кўкракда пайдо бўлган оғриқни қолдиради...

... Хом (пиширилмаган) ошқовоқдан олинган шарбатни бурунга томизиш билан тиш оғриғини тўхтатиш мумкин...

... Ошқовоқ киши ошқозони учун ғоят фойдалидир. У намлантирадиган ва чанқоқни босадиган дорилардан биридир..

... Ошқовоқни қайнатиб, асал билан еса, нафи катта бўлади..."

Табиб Ҳаким Шаҳобиддин "Сабзавотлар ҳақида" номли шеърий асарида ошқовоқ тўғрисида бундай ёзган:

 

Совуғу, бод қўзғар танда ошқовоқ,

Совуқ мижозлилар емасин мутлоқ.

Иссиқ мижозлиларга кўп фойда этар

Ҳалқум билан танни яна юмшатар.

 

Ошқовоқни ёш гўдаклардан тортиб қарияларгача тез-тез еб туриши керак. Сутга қайнатилган ёки палла-палла қилиб қасқонда буғлаб қаймоқ суртилгани ҳам лаззат бахш этади, ҳам саломатлик ато қилади. Мана шу овқатлар халқ табобатида ёш организмнинг тўғри ўсишига ва қариган аъзоларнинг фаолиятини чўзишга восита бўладиган бир шифо тарзида истеъмол қилинган.

Эндиликда шифохоналаримизда ҳам ошқовоқ таомлари юрак қон-томир касалликлари билан оғриганларга дори сифатида едирилмоқда. Бу яна гастрит, ошқозон жароҳати, буйрак хасталиги, йўтал, астма ва томоғи пасотлаб буғма бўлганларга шифодир.

Қовун ҳам киши организми учун фойдалидир. Ҳақиқий миришкор қўли билан етиштирилган тилни тилим-тилим қиладиган қовун буйракдаги тошни майдалайди. Ошқовоқ эса қишнинг қовунидир.