Тўлиқ исми – Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳасин Абу Бахр Тамимий. Асл исми Даҳҳок. Бир ривоятда Сохр дейилган. Оёқлари озғинлиги учун “Аҳнаф” (оёғи ингичка) деб танилди. Сулаймон ибн Абу Шайх (розияллоҳу анҳу) айтади: “Унинг исми Сохр ибн Қайс. Бани Саъд қабиласидан”.

 

Аҳнаф ибн Қайс (раҳматуллоҳи алайҳ) куч-қувват, мол-дунё, насаб улуғлиги билан эмас,
ҳилми ва ақли билан Тамим қабиласининг эътиборли кишисига айланди. Марв, Ҳирот ва Нишопур фотиҳларидан бўлди.

Фазилати: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тирикликларида Исломни қабул қилди, лекин у зотни (алайҳиссалом) кўриш Аҳнафга (раҳматуллоҳи алайҳ) насиб этмади. Ўзи бундай ривоят қилади: “Ҳазрат Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замони эди. Каъбани тавоф қилаётган эдим. Олдимга Бани Лайс қабиласидан бир киши келиб, қўлимдан тутди ва: “Сени қувонтирадиган бир гап айтайми?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени Исломга чақириш учун Бани Саъд қабиласига юборган эдилар. Эслайсанми? Ўшанда мен уларга Ислом ҳақида сўзлаётган эдим, сен эса: “Бу киши яхшиликка чақиряпти. Мен ундан фақат яхши нарсани эшитяпман”, деб айтиб турган эдинг. Буни Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) сўзлаб берганимда, у зот (алайҳиссалом): “Аллоҳ, Аҳнафнинг гуноҳини афв эт”, деб сенинг ҳақингга дуо қилдилар, деди. Мени ана шу дуодан бошқа умид боғлайдиган нарсам йўқ” (Имом Аҳмад).

Холид ибн Сафвон (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ҳазрат Аҳнаф шуҳрат топишдан қочарди. Шуҳрат эса уни қуварди”.

Бир куни Аҳнафга: “Кексайиб қолгансан, рўза сени толиқтириб қўяди”, дейишди. У: “Мен рўзани узоқ сафарга олиб қўймоқдаман”, деб жавоб берди. Айтишларича, Аҳнаф (раҳматуллоҳи алайҳ) тунда кўп намоз ўқирди. Кечалари бармоғини шамга қўяр ва: “Эй Аҳнаф, ҳис этиб кўр, ўша куни бу ишни нима сабабдан қилдинг?” деб ўзини-ўзи сўроқ қиларди.

Ҳадис ривоят қилиши: Аҳнаф ибн Қайс ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) замонида Мадинага келди. Бу унга улуғ саҳобалардан Ислом дини таълимотини ўрганиш имконини берди ва ҳаётида катта из қолдиришига сабаб бўлди. Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абу Зарр Ғифорий, Аббос ибн Абдулмуттолиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳум) ва бошқа саҳобалардан ҳадис ривоят қилди. Ундан (раҳматуллоҳи алайҳ) эса Амр ибн Жаввон, Ҳасан Басрий, Урва ибн Зубайр, Талоқ ибн Ҳубайб, Абдуллоҳ ибн Умайра, Язид ибн Шаҳир, Холид Усрий (раҳимаҳумуллоҳ) ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди. Ибн Саъд (раҳматуллоҳи алайҳ) Аҳнаф ибн Қайс (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақида: “Оз, лекин ишончли ҳадислар ривоят қилган”, деб айтган.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Аҳнафга насиҳат қилиб бундай деди: “Эй Аҳнаф, ким кўп кулса, ҳайбати камаяди, одамлар назаридан қолади. Кўп гапирган кишининг хатоси кўпаяди. Хатоси кўп кишининг ҳаёси озаяди, ҳаёси камайганнинг тақвоси йўқолади, тақвоси йўқнинг қалби ўлади”.

Ҳилми: Сулаймон Таймий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: Аҳнаф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Учта энг азиз нарсани зикр қиламан: Султоннинг эшигига фақат мени чақирганида бордим. Икки киши мени ораларига киритмагунича, улар ўрталарига киришга уринмадим. Ёнимдан кетган ҳаммани ортидан фақат яхшилик билан эсладим”.

Аҳнаф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Менга қарши бўлган киши билан бундай муомалада бўлдим: Мендан катта бўлса, ёшини улуғладим. Ёш бўлса, ундан устун келишга ҳаракат қилмадим. Тенгдошим бўлса, унга илтифот кўрсатдим”.

Ҳикматли сўзлари: “Уч кишидан уч нарса кутилмайди: Пасткашдан шараф, фожирдан яхшилик, аҳмоқдан ҳалимлик”; “Ким одамлар ёқтирмаган нарсаларни гапирса ёки қилса, одамлар у ҳақда билмаган нарсаларини айтиб юборишади”; “Олижаноблик сир сақлаш ва ёмонликдан узоқ бўлишдир”. “Хатосини англаб юрган одам комил инсондир”; “Амалсиз гапда, саховатсиз молда, вафосиз дўстда, диёнатсиз фақиҳда, ниятсиз садақада, соғлиқ ва омонликсиз ҳаётда яхшилик йўқ”.

Вафоти: Асмои ривоят қилади: “Аҳнаф ибн Қайс (раҳматуллоҳи алайҳ) Куфа шаҳрида Мусъаб ибн Зубайрнинг (раҳимаҳуллоҳ) амирлигида ҳижратнинг 72 йили вафот этди. Зиёд ибн Абу Суфённинг (раҳматуллоҳи алайҳ) қабри ёнига дафн қилинди. Мусъаб ибн Зубайр унинг жанозасида иштирок этди ва: “Бугун арабнинг саййидидан айрилдик”, деди.

Иқболой НАРИМОНОВА тайёрлади.