Тўлиқ исми Сила ибн Ашям Адавий, куняси Абу Саҳбо. Саҳобалар билан суҳбатлашишга, улардан ўрганиш шарафига муяссар бўлган. Сила Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларининг ўғли Ибн Аббосдан илм олди. Бу ҳақда Товус (раҳимаҳуллоҳ): "Абу Саҳбо Ибн Аббосга кўп савол берарди. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳам илм ўрганган", деб ривоят қилган.

* * *

Абу Саҳбо тун чўкиб, одамлар уйқуга кетгач, нафл намоз ўқирди. Туннинг учинчи бўлаги кирганда Қуръон тиловатига киришар, овози ширали эди. Бутун қалбини хотиржамлик чул­ғаб олар, бутун вужуди ила Аллоҳдан қўрқувни, руҳий лаззатни туярди. Сила ибн Ашям бу одатини, яъни кечалари қойим бўлиб ибодат қилишни умрининг охиригача тарк этмади.

Бу ҳақида Жаъфар ибн Зайд бундай ҳикоя қилади: "Кобул шаҳрига қараб йўлга чиқдик. Орамизда Сила ибн Ашям ҳам бор эди. Кечаларнинг бирида йўлда тўхтадик, баъзилар овқатланди ва озгина мизғиб олиш учун уйқуга кетди. Шунда мен кузатиб, у ҳақда айтилган сўзларнинг тасдиғини кўрдим. Ҳали ҳеч ким уйғонмасидан бурун, у ўрмон ичига кириб кетди. Мен изидан бордим. У қиблага юзланиб, намоз ўқишга киришди. Узоқдан кузата бошладим. Юзлари ёришган, ўзи тетик ва хотиржам эди. Шу пайт ўрмоннинг шарқий томонидан бир шер кела бошлади. Қўрқинчдан юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Амал-тақал қилиб бир дарахт тепасига чиқиб олдим.

Шер Сила ибн Ашямга яқинлашиб, бир неча қадам нарида тўхтади. Сила эса унга қарамади ҳам, ундан қўрқмади ҳам. Саждага борганида энди уни шер ғажиб ташласа керак деган ўй ўтди хаёлимдан. Сила саждадан туриб, қаъдага ўтирди. Шер уни кузатаётгандек рўпарада индамай турарди. Сила намозини тугатгач, шерга қараб, пичирлаб бир нималар деди. Шундан сўнг шер ортига қайтиб кетди...

* * *

Кунларнинг бирида Ибн Ашямнинг олдига басралик бир киши келиб: "Эй Абу Саҳбо, Аллоҳ сенга билдирган нарсалардан менга ҳам ўргат", деди. Сила табассум ила: "Эй биродар, сен менга унутиб бўлмайдиган кунларимни эслатдинг. Анча йиллар олдин Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ёнига бордим ва уларга: "Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан менга ҳам ўргатинглар", дедим. Улар менга: "Қуръонни нафсинг ҳимоячиси, қалбинг роҳати қилгин. Ундан олган насиҳатларинг билан мусулмонларга ўгит бер. Кучинг етганича дуони кўпайтир, Аллоҳ азза ва жалладан нажот сўра", деб йўл кўрсатишди". Бу гапни эшитган ҳалиги киши Силага: "Мени дуо қилинг, яхшиликка эришай", деди. Абу Саҳбо: "Аллоҳ таоло охиратга бўлган рағбатингни ошириб, ўткинчи дунёдан узоқлаштирсин. Сенга қалб хотиржамлигини бериб, унга суянадиган қилсин", дея дуо қилди.

 

ФАЙЗО тайёрлади.