Оила, маҳаллаларда хотиржамлик ҳукм суриши, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, турли можароларни ҳал этиш ниятида катталарнинг ёшларга тўғри йўл кўрсатиши, панд-ўгит бериши табиий. Бироқ кейинги пайтларда айрим ҳаёт синовларини кўрган катталарнинг ёшларга ибрат бўлиш ўрнига ўзлари насиҳатга муҳтож бўлиб қолаётганлари одамни ташвишга солади. 

Маҳалла яраштирув ҳайъати аъзоси сифатида турли воқеа­ларга гувоҳ бўламиз. Ёш оилаларда майда-чуйда гаплар туфайли катта низолар келиб чиқяпти, эр-хотин арзимас баҳоналар билан ажрашиб, ўртада норасида гўдаклар тирик етимга айланяпти. Энг ачинарлиси, оилавий жанжалларнинг аксариятига хонадон катталари – қайнона, баъзан қайноталар сабаб экани маълум бўлмоқда. Бунга ҳаётий мисоллар кўп.

Бир хонадонда янги тўйи бўлган келин-куёвларнинг бахтдан очилиб-сочилиб юриши узоққа бормади.  Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтганда етти мучаси соғлиги тасдиқланган қизнинг бир неча ой ичида юраги хуруж қиладиган бўлиб қолди. Ушбу оиладаги вазият ўрганилганда қайнонанинг келинига қаттиқ зуғум ўтказаётгани маълум бўлди. Сабаби оддий – она янги келиндан хато ахтараверган. Ёшлар кулишиб гаплашса ҳам, бирга ўтириб ош-овқат еса ҳам жанжал чиқараверган. Қайнона билан суҳбатлашганимизда бу гаплар исботини топди. Аёл уйи­даги нохушликларга бирорта ҳам жўяли сабаб келтира олмади. Келиннинг ота-онаси қизининг айби бўлса айтишни сўради, биргалашиб йўлга солишни таклиф этди. Маҳалладаги кексалар ҳам оғирроқ, сабрлироқ бўлишни насиҳат қилишди. Аммо вазият кундан-кунга кескинлашиб бораверди. Ахийри келиннинг яқинлари унинг саломатлигидан ташвишланиб ота уйига олиб кетишга мажбур бўлишди. Йигит онасининг қистовига қарамай, ажрашишдан бош тортди, оиласини сақлаб қолиш учун икки уй орасида сарсон... 
Бошқа бир оилада келинчак янги туғилган чақалоғини онасига топшириб ишга тушадиган бўлди-ю, можаро бошланди. Табиийки, эри ҳам, қайнона-қайнотаси ҳам бу қарорга қарши чиқишди.  Аслида келиннинг ишлаб пул топишга муҳтожлик жойи йўқ. Аммо онаси уни “уй бекаси бўлиши, қайнона-қайнотага чўрилик қилиши учун” инс­титутда ўқитмаган экан. Шу боис қизини тезроқ ишга тушишга ундаган. Масала у ўйлаганчалик осон ҳал бўлмаслигини кўриб, ё шартимга кўнасиз, ёки қизимни ажратиб оламан, деб куёвга дағдаға қилган.  Қўни-қўшни, маҳалла ўртага тушди. Қуда хола муросага келай демайди. Қизи ҳам онасининг гапини гап деб туриб олган. Маҳалла фаоллари ажрашишга арзирли сабаб йўқлигини айтиб, иккала томонни инсофга чақиришга уриндилар. Эр-хотинга ўйлаб кўришлари учун бир ой муҳлат берилди...
Бу каби ҳолатларни кўриб, куйиниб кетаман. Ёшларни қизиққон, бесабр, калта ўйлайди десак, катталарга нима бўляпти? Арзимаган баҳонани рўкач қилиб қизини ажратиб олишга, бўлар-бўлмас гаплар билан ўғлининг турмушини бузишга бел боғлаганлар нимани ўйлаяпти ўзи? 
Ислом дини таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилиш, чиройли одоб-ахлоқ билан  зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Динимизда никоҳ инсоний муносабатларнинг энг муҳими сифатида юксак қадр­ланади. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни таъминлашда унинг ҳар бир аъзосига катта масъулият юкланади. Азалдан ҳаётнинг баланд-пастида тобланган бобо-момоларимиз сабр-қаноатда ёшларга ибрат бўлишган. Фарзанд­лари оиласини сақлаб қолиш, “ўғли ажрашибди”, “қизи қайтиб келибди” деган маломатни эшитмаслик учун ҳар қандай муросага тайёр туришган. Ана шундай эзгу қад­риятларимизни йўқотмайлик. Ёшлар хатога йўл қўйса, кўнгилга тегмайдиган қилиб тўғрилайлик, жиззакилик қилса, босиқлик билан йўлга солайлик, тўсиқларга дуч келишса, енгишни ўргатайлик. Аллоҳ барчамизга маслаҳатгўй ота-она, меҳрибон буви-бува бўлиб, фарзандлар, набиралар қуршовида кексалик гаштини суришни насиб этсин.
 
Мукаррам ФОЗИЛОВА