Мени бир савол қийнайди: нега баъзи бир хонадонларда аза даври ўтиб кетган бўлса ҳам, ҳа­йитларни мотам кунига айлантириб олинади?

Марҳумлар нега энди фақат ҳайит куни эсланиши керак? Афсус, Рамазон ва Қурбон ҳайитларидай улуғ кунларнинг қадрига етолмаяпмиз. Айниқса, ота ёки она ёш кетиб, болалари етим бўлиб қолганда уларнинг кўнглини кўтариб, ҳайитлик, фитр садақаси ё закот беришимиз, улар ҳам ўксимасдан ҳайитни шод-хуррам ўтказишларига ҳар биримиз кўмаклашишимиз лозим.

Пай­ғамбар (алайҳиссалом): "Ким етимнинг тарбиясини елкасига олса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади", деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар.

Ислом дини кела бошлаган илк дамларда етимлар ов­қатланадиган жойлар алоҳида бўлган. Бақара сурасининг 220-ояти «...Сиздан, шунингдек, етимлар ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: "Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз, (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир..." тушганидан кейин етимлар ҳам ҳамма билан бирга овқатланадиган бўлган.

Аллоҳга шукр, юртимиз тинч, хотир­жаммиз. Шунга кўра, Аллоҳ буюрганидай яшасак, дунёда ҳам, охиратда ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Айниқса, касалларнинг кўнглини кўтариб, дардига шифолар тилаб, етимларга ва кам таъминланган оилаларга мурувват қўлимизни чўзсак, улуғ савобларга эришамиз.

 

Омонхон МУҲИДДИНОВ,

Учкўприк тумани "Шоҳ Муқаддам" жоме масжиди имом-хатиби