Жамиятда ўзгаларнинг эътибори, меҳр-мурувватига муҳтож тоифалардан бири етимлардир.

Афсус, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бирга “тирик етимлар” ҳам оз эмас. Уларни ота-онаси маълум сабабларга кўра ташлаб кетишади. Бироқ унутмаслик керак, улар охиратда бу ишларига жавоб беришади, фарзандларидан тонганлари, унга меҳр-мурувват кўрсатмаганларининг жазосини олишади.

Динимиз етим-есирларга ғамхўрлик қилишни, уларнинг бошини силашни буюради, етимнинг ҳақини ейишдан қайтаради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (яқинлашишингиз мумкин)” (Анъом, 152).

Етимнинг молини ейишнинг оқибати хатарли. Аллоҳ таоло айтади: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларига оловни еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо, 10).

Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:

1. Улар қиёмат куни жаҳаннамга тушишларига сабаб бўладиган нарсани ейишган.

2. Улар етимнинг молини еганлари боис дўзахда қоринлари олов билан тўлдирилади.

Бундай ҳолга тушишдан Аллоҳ сақласин!

Абу Ҳурайра Расулуллоҳдан ривоят қилади: “Тўрт тоифа бор, Аллоҳ уларни жаннатга киритмайди ва унинг неъматларидан баҳраманд қилмайди. (Булар:) хамр ичишга муккадан кетган кимса, рибохўр, етимнинг молини адолатсизлик билан еювчи ва ота-онасига оқ бўлган кимса” (Ҳоким ривояти).

Ота-онаси йўқ етимлар молини ейишдан одамлар тийилишади. Бу қувончли. Аммо отаси вафот этиб, онаси ҳаёт, уч-тўрт ёки олти-етти ёшли болалари қийин аҳволда бўлишига қарамай, ўзгалар қистови билан ўтказилаётган “эҳсон”ларга бориб, у ерда етимга тегишли бўлган молдан, овқатдан кўпчилик сақлана олмайди. Арофимизда бундай ҳолатлар кўп учрайди. Аксинча, биз, етимларга ёрдам беришимиз керак. Балки ушбу маросимни етимнинг амакиси ёки тоғаси қилаётгандир. Бироқ шунга кетадиган пулларни етимнинг ўқиши, уст-боши ва бошқа зарур эҳтиёжларига ишлатиш кераклиги кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Йўқ! Аксинча, сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) икром қилмайсиз. Мискин (бечорага) таом беришга ҳам бир-бирингизни тарғиб этмайсиз. Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз” (Фажр, 17–19).

Бу оятда етимларни кимлар хорлаши очиқ-ойдин баён қилинган: “Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз? Бас, бу етимни жеркийдиган ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир” (Моъун, 1–3).

Демак, Аллоҳга ва охират кунига ишонган банда етимни ҳурмат қилади, унга меҳр кўрсатади. Имони йўқ, Аллоҳга ишонмайдиган кимсагина етимни хўрлайди, унга зулм қилади, қўпол муносабатда бўлади.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳга берган неъматларини зикр қилиб, у зотга бундай амр қилган: “Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!..” (Зуҳо, 9).

Муҳаммад Мустафо она қорнида эканларидаёқ оталаридан етим қолдилар, ҳали балоғатга етмай туриб, оналаридан ҳам айрилдилар. Аллоҳ марҳамат қилмаганида у зот шунча неъматларга эришмаган бўлардилар.

Етим-есирларга ғамхўрлик қилиш борасида Набийдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Мусулмонларнинг энг яхши уйи унда яхшилик кўрадиган етим истиқомат қиладиган уйдир. Мусулмонларнинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қилинадиган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана бундай бўлади”, деб бармоқлари билан ишора қилдилар» (Имом Бухорий, Ибн Можа, Табароний ривояти).

Демак, етим асраган хонадон аҳллари унга яхши муомалада бўлишлари керак. Акс ҳолда, бу уй Аллоҳ наздида энг ёмон хонадон ҳисобланади. Бундай уй Аллоҳнинг раҳмати ва яхшиликларидан узоқ бўлади.

Абу Умомадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ : “Ким етимнинг бошини фақат Аллоҳ (розилиги) учун силаса, унга қўли силаган сочнинг ҳар бир толасича савоб ёзилади. Ким ўзининг қарамоғидаги қиз ёки ўғил етимга яхшилик қилса, мен ва у жаннатда мана бундай бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очганлар (Аҳмад, Байҳақий, Табароний ривояти).

Демак, ким жаннатда Расулуллоҳга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳр-кўрсатиб, яхши тарбия қилиши керак.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, у зот: “Агар қалбинг юмшашини истасанг, мискинга овқат бер ва етимнинг бошини сила”, деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўзбекистонда етимлар ҳеч қачон кўчада қолмаган. Қаерда етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар доим топилган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳукуматимиз етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилади, улар турар жой, уст-бош ва озиқ-овқат билан бекаму кўст таъминланган. Бу келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Охиратда Аллоҳ розилигига эришаман, жаннатга кираман деган банда етимга ғамхўрлик қилади, унга зулм қилишдан сақланади.

 

Одилхон ЮНУСХОН ўғли