Мўминлар омонатга хиёнат қилмайди, уни асрайди ва адо этади. Зотан, омонат арабча “амн”, яъни ишониш, омонлик, бехавотирлик маъносидадир.

Омонатга хиёнат қилмайдиган киши мўътаман-омонатдор дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аҳдга вафо қилинглар! Зеро, аҳд (Қиёмат куни) сўралади” (Исро, 34).

Бу ерда “аҳд” банда зиммасидаги Аллоҳ таоло ва бандаларнинг ҳақларини қамраб олади. Ва “...аҳд-паймон (Қиёмат куни) сўраладиган ишдир”. Аҳдларнинг энг муҳими Аллоҳга берилган аҳддир: “Аҳдлашганингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг!” (Наҳл, 91). Ҳақиқий мўмин барча ҳолатда ушбу омонатга риоя қилади. Омонатга енгил-елпи қараш, тўла адо қилмаслик киши қалбида нуқсон-иллат борлигидандир.

Хоҳ молда, хоҳ бошқа нарсада бўлсин, омонатга содиқ бўлишга буюрилади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, хиёнат мунофиқликнинг энг катта белгиларидандир (Муттафақун алайҳ). Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби Аллоҳдан қўрқсин!..” (Бақара, 283); “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюради...” (Нисо, 58).

Инсонларнинг ҳақлари; мол, сир, обрў-эътибор ва шунга ўхшаш омонатлар учун албатта жавоб берилади. Пайғамбаримиз (соллАллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қиёмат куни ҳақлар албатта ўз эгаларига топширилади. Ҳатто шохли қўчқордан шохсиз қўчқорга қасос олиб берилади” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллАллоҳу алайҳи ва саллам): “Муфлис (инқирозга учраган киши) кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. “Муфлис деб на дирҳами ва на бирор нарсаси йўқ кишига айтилади”, дейишди. У зот (соллАллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Менинг умматимдан муфлис қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Лекин бир одамни сўккан, бошқасига туҳмат қилган, бировнинг молини еган, яна бирининг қонини тўккан яна кимнидир урган бўлади. Бу кишининг яхшиликларидан уларга олиб берилади. Агар яхшиликлари тўлашга етмай қолса, уларнинг хатоларидан олиб бунга юкланади. Сўнг дўзахга ташланади” (Имом Муслим ривояти).

 

Чаросхон МУҲИДДИНОВА,

“Хадичаи Кубро” Ислом аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси