“Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Танг­ри розидур”, дейди Алишер Навоий ҳазратлари.

Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият­ларимиздан ҳисобланиб, бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади.

Ота ўз ўғлини устозга шогирдликка бераркан, “эти сизники, суяги бизники”, дея лутф қилган. Бу билан устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдирган. Устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор иқтидору ҳунарини унга юқтиришга интилган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади:

“Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак.

Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади...”

Кейин шогирдлик одоби ҳақида гап кетади. Улар саккизта, дейди муаллиф. Устозга биринчи бўлиб салом бериш, устоз олдида оз гапириш, бошни эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югуртирмаслик, масала сўрамоқчи бўлса, олдин ижозат олиш, устоз жавобига эътироз билдирмаслик, устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик, ўтириш-туришда ҳурматни тўла сақлаш.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатларини эсланг: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам Абдураҳмон Жомийга ихлосманд шогирд эканини намоён этиб туради. “Хамса”чиликда унинг анъанасини давом эттиради. Устозининг “Нафаҳотул унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул муҳаббат” номли янги асар яратади. Достонларида ҳам, кўплаб бошқа асарларида ҳам устози номини  тилга олиб, унга бўлган иззат-ҳурматини камоли эҳтиром билан изҳор этади. Айни чоғда, бу икки алломанинг Самарқандда истиқомат қилган Хожа Аҳрор Валийга бўлган ихлоси ғоятда ибратлидир. Бу зоти шарифларнинг ўзаро пир-муридлик, устоз-шогирдлик муносабатлари ўша давр сиёсат майдонида ҳам, маданий-маънавий соҳаларда ҳам катта ижобий муҳит яратилишига, тинчлик-барқарорлик, фуқаро ҳуқуқлари дахлсизлигига хизмат қилгани тарихдан маълум. Устозига бўлган садоқатини ижодда ҳам, ҳаётда ҳам олий мақомда адо эта олган Алишер Навоийнинг устозлик фаолияти ҳам асрлар давомида ибрат намунаси бўлиб келмоқда.

Тарих саҳифаларидан бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин. Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбек ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатлари сўзимизнинг яққол мисоли. Илм истаб Туркиянинг Бурса вилоятидан Самарқандга келган Қозизода Румий шаҳзода Улуғбекка устозлик қилди. Фалакиёт ва математика фанларидан чуқур билим берди. Мирзо Улуғбек тахтга ўтиргач, устози кўрсатмалари билан иш тутиб, илм-фан ривожига катта эътибор қаратди. 1420 йили бунёд этилган мадрасага Қозизода Румийни бош мударрис қилиб тайинлади. Кейинчалик устоз-шогирд ҳамкорлигида расадхона қурилди, Самарқанд фалакиёт ва математика академияси ташкил бўлди. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳам Али Қушчи каби забардаст шогирдларни тарбиялади. Али Қушчи Қозизода Румий вафотидан кейин расадхонадаги илмий кузатиш ишларига раҳбарлик қилди. Шу тарзда, Мирзо Улуғбек вафотидан кейин устози ишларини Али Қушчи, ундан кейин набира-шогирди Мирам Чалабий давом эттирди. Улуғ устозларнинг оламшумул янгиликларини янги шароитда такомилга етказди. Унинг хизматлари туфайли Самарқанд олимлари эришган ютуқлар Оврўпага, сўнг бутун дунёга ёйилди.

Яқин ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида ҳам биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Дин аҳли ўртасида Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон шахсиятлари ғоятда иззат-ҳурмат қилинади. Даҳрий советлар тузуми неча миллионлаб гуноҳсиз зиёлиларнинг ёстиғини қуритиб турган бир маҳалда Зиёвуддинхон Эшон Бобохон юзлаб шогирдларга илм берди. 1945 йили Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг ташкил этилиши ҳам (1969 йили) осон бўлмаган ўз-ўзидан тушунарли. Ва бу икки диний таълим муассасасида Зиёвуддинхон Эшон Бобохон шогирдлари бўлмиш Шокирхон Юсупов, Абдуғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Салоҳиддин Муҳиддинов, Абдуқаҳҳор Ғаффоров, Исмоил Махсум, Садриддин қори каби устоз уламолар ёшларга астойдил сабоқ бериб, ўз бурчларини шараф билан адо этишди. Биз бу муҳтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни бурчли деб биламиз.

Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадрият­ларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият – устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари юзага келди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган фарзанду набираларимиз ўз муаллимларига “устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирибди. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Қалбдан жой олган сўз инсоннинг эътиқодига айланади.

Қурбонали ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасиТошкент вилояти вакили