Инсон учун оила қуриш, фарзанд кўриш шарафли ва эзгу истак, фарзандларни чин инсон қилиб вояга етказиш эса ҳам қарз, ҳам фарз. Абдулла Авлоний айтганидек, тарбия ё ҳаёт–ё мамот, ё нажот–ё ҳалокат, ё саодат–ё фалокат масаласидир. Ҳар бир ота-она фарзандини жисмонан бақувват, соғлом ва теран ақлли бўлиб улғайишини истайди.

Фарзанд тарбияси ота-онадан масъулиятли бўлишни талаб қилади. Чунки бугуннинг ёшлари – эртанинг эгалари. Юрт­нинг истиқболи уларга боғлиқ.

Шундай ривоят бор. Бир киши фарзандларига шундай дебди: "Болаларим, мен сизларнинг зиммамдаги учта ҳақи­нгизни тўртта қилиб бажарганман. Биринчиси, сизларга чиройли исм қўйдим. Иккинчиси, яхши тарбия ва илм ўргатдим. Учинчиси, вояга етганларингда яхши жойга турмушга бердим ва яхши жойдан уйлантирдим. Тўртинчи, энг асосийси эса, сизларга гўзал ахлоқли ва маънавияти юксак она танладим".

Демак, оқила, маърифатли умр йўлдош танлаш отанинг фарзанд олдидаги бурчларидан бири. Сабаби, она фарзандини тўққиз ой вужудида кўтаради, болалар ёнида отага нисбатан кўпроқ бўлади. Лекин бу оталар маърифатли бўлмаса ҳам бўлаверади дегани эмас. Фарзандига оқила онани албатта оқил ота танлайди. Шу билан бирга, фарзандни тарбиялашда асосий қўрғон бўлиб хизмат қилади.

Оила – фарзандлар учун илк сабоқлар маскани. Гўдаклар кенг дунёни ўз хонадонларидан идрок қила бошлайди. Шундай бўлгач, оилада болалар учун соғ­лом муҳит яратиш ота-онанинг масъулиятли вазифаси. Аммо яна бир нарса бор, ота-она фарзанд­лар учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб беравериши ҳам яхши эмас. Чунки меъёридан ортиқ қулайлик боланинг талтайиб кетишига, лоқайд, худбин бўлиб қолишига олиб келади.

Демак, ота-она фарзандига меҳрибон, ширинсўз бўлиш билан бирга, қаттиқўл бўлиши ҳам зарур.

 

Азиза ИСКАНДАРОВА,

Тошкент шаҳар Ҳамза қурилиш касб-ҳунар коллежи ҳуқуқшунос ўқитувчиси