Ислом дини инсонларни гўзал ахлоқли, хусни-хулқли бўлишга чақиради.

Қуръони каримда: "Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қили­нгиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенга­шиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар" (Оли-Имрон, 159) дея марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини ҳаётлари давомида гўзал хулқлари, одоблари ва чиройли амаллари билан ифодалаб берганлар. "Гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим", дея марҳамат қилганлар.

Инсонлар ўртасида меҳру оқибат, тотувликнинг зиёда бўлиши энг аввало хушмуомала ва ширин сўзга боғлиқдир. Афсус, кўп ҳолларда яқин қариндошлари билан арзимас сабабларни рўкач қилиб, узилиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Албатта, бу муқаддас Ислом динимиз кўрсатмаларига ҳам, минг йиллардан буён сайқал топиб келаётган қадриятларимизга ҳам ётдир. Ҳазрат Алишер Навоий айтади: "Одам борки, одамларнинг нақшидир, Одам борки, ҳайвон ундан яхшидир", яъни, шундай инсонлар борки, гўзал хулқи, ҳалимлиги, чиройли муомаласига бошқалар ҳавас қилишади. Беҳаё, бадхулқ, золим, хиёнаткор кишилардан эса ҳамма ҳазар қилади.

Аллоҳ таоло барчамизга гўзал хулқ соҳиби бўлишни насиб қилсин!

 

Абдулазиз МАКСИМОВ,

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани "Батош" жоме масжиди имом-хатиби.