Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Диёримиз мусулмонлари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак таваллуд ойларини ҳар йили кенг нишонлайди. Имом-хатибларимиз жоме масжидларда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳусни хулқлари, тоат-ибодатлари, мурувват ва сахийликлари, шижоат ва сабрликлари, матонат ва қаноатлари ҳақидаги оят ва ҳадислар, тарихий воқеалар ҳақида сўз юритадилар.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг энг маҳбуб бандаси ва улуғ хулқ соҳиби эканликларини Ҳақ таоло бундай марҳамат қилгандир: "Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!" (Қалам, 4). Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари одоб-ахлоқлари ва барча сифатлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта намуна мактабидир. Мўмин учун ибрат бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Пайғамбаримиздирлар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Айниқса, омонат борасида У зот барча умматларига ўрнак эдилар. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғрисўзлиги, бировларнинг ҳақига хиёнат қилмаслиги, ваъдаларига вафодорлиги туфайли "Ал-Амин", яъни, "омонатдор, ишончли одам" деган сифатни олганлар.

Омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиё­нат қилмангиз ва (бир-бири­нгиздаги қўйган) омонатлари­нгизга (ҳам) билиб туриб хи­ё­нат қилмангиз!" (Анфол, 27).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу борада муборак ҳадисларида ­ма­р­­ҳа­­мат қиладилар: "Мунофиқнинг аломати учта – гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади".

Имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб асраш керак. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муаммолар пайдо бўлади.

Масалан, бировнинг шаънига айтилган ноўрин сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, унинг зиддига гувоҳлик бериш, унинг шаънига бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

 


"Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар" (Мўъминун, 8).


 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)марҳамат қиладилар: "Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳақини беришда) кечиктириши зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзининг муддатини чўзиб беришини талаб қилса, қабул этсин".

Ҳадиси шарифларда қарз­дор қарзини узишга қийналиб қолса, муддатини узайтириб берувчилар учун катта мукофотлар ваъда қилинган.

Шунинг учун масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилишимиз, лозим бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айт­ганлар:"Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!"

Омонатнинг яна шундай бир кўриниши бор, у ҳам бўлса Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон омонатидир!

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: "Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Мен берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

Аллоҳнинг тақдирига имон келтирган ҳолда, турмушда учрайдиган айрим синовларни сабр-тоқат билан енгиб, ато этилган ҳаёт неъматини зое қилмаслик зарур. Аллоҳ таоло сабр- бардошимиз эвазига ажру савоблар беришини унутмайлик.