Халқимизда саломга катта эътибор қаратилади. Таниш-нотаниш, катта-кичик, ёш-қари – барча-барчага баробар салом берилади. Ҳатто эртакларимиздаги ёвуз ялмоғиз кампир ҳам салом берилганда "юмшагани", "Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим", дегани келтирилади. Саломнинг таъсири ёш авлодга шу тарзда сингдирилади. Фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, ҳали тили чиқмаган пайтидан саломга ўргатамиз. Катталарни кўрганда қўлини кўксига қўйиб салом беришга одатлантирамиз.

Салом – Аллоҳ таолонинг 99 гўзал исмларидан бири бўлиб, барча айб ва нуқсонлардан саломат, маҳлуқотлар зулматидан омон Зот, маъносини билдиради.

"Ассалому алайкум", деб салом беришнинг тарихи ер юзидаги биринчи одам – Одам (алайҳиссалом) билан боғлиқ. Одам (алайҳиссалом) биринчи бўлиб "Ассалому алайкум" деб салом берганларида, фаришталар "Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи" деб зиёда қилганлар. Шундан саломлашиш жорий бўлган.

Кишиларнинг бир-бирларига тинчлик тилаб саломлашишлари замирида улкан фазилат мужассам. Бизларга саломлашишни Аллоҳ таоло буюрган: "Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз..." (Нисо, 86).

Cалом берувчи "Ассалому алайкум" деса, "Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ" деб алик олинади. Агар у "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ", деб салом берса, "Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ ва баракотуҳ", деб алик олинади. Салом берувчи "ва баракотуҳ" қўшимчасини ҳам қўшса, алик олувчи ҳам фақат ўша қўшимчани қўшади.

Пиёдага суворий (уловдаги одам), кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериш тавсия этилади. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу фазилатдир.

Салом бериш суннат, алик олиш эса, фарз. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу иш мукофотини: "Раҳмонга ибодат қилинглар, одамларга таом беринглар, саломни кенг ёйинглар, жаннатларга кирасизлар", деб эълон қилганлар.

Ислом – тинчлик, осойишталик дини. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон бир-бири билан кўришганда ўзаро ­тинчлик, осойишталик тилайди. Саломлашиш, тинчлик-омонлик, саломатлик тилашнинг оммалашувига сабаб бўладиган, одамлар ўртасида ўзаро муҳаббатни ёядиган, мустаҳкамлайдиган, гина-кудурат, адоватни йўқотадиган амалдир.

Ислом одобида таниганга ҳам, танимаганга ҳам салом бериш суннат, саломга жавоб қайтариш эса вожибдир. Лекин жавоб қайтарилмаса, салом берган одамга афзалроқ зотлар, яъни, фаришталар алик оладилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салом бериш тартибини қуйидагича жорий этганлар: кичик каттага, кетаётган ўтирганга, озчилик кўпчиликка, отлиқ пиёдага салом бериши лозим. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввал салом берган кишини Аллоҳга итоатлироқ деб айтганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Саломни ёйинглар, кўп салом беринглар, саломат бўласизлар", деб умматларини саломни кенг ёйишга даъват қилиб, ўзлари доимо одамларнинг катта-кичик, ёшу қари, бой-камбағаллигига қарамай биринчи бўлиб салом берар эдилар.

Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг итоатлиси эдилар. У зот (алайҳиссалом) инсонлар ўртасидаги ўзаро муҳаббатни оширадиган, жаннатга киришга сабаб бўладиган воситани шундай васф қилдилар: "Мўмин бўлма­гунингизча жаннатга киролмайсиз, ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлолмайсиз. Ўзаро қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг".

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: «Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлислари олдидан ўтиб кетаётиб: "Ассалому алайкум", деди. "Ўнта савоб", дедилар Пайғамбар (алайҳиссалом). Бошқа бири ўтаётиб: "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ", деди. "Йигирмата савоб", деб айтдилар. Яна бошқа бир киши ўтаётиб: "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва барокатуҳ", деди. "Ўттизта савоб", дедилар. Бир киши мажлисдан индамай туриб кетди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мана шу биродарингиз жуда муҳим нарсани унутди. Бирортангиз мажлисга келса, салом берсин. Ўтиргиси келса, ўтирсин. Қачон турадиган бўлса, салом берсин. Биринчиси иккинчисидан афзал эмас", дедилар».

Бу ҳадисдан саломнинг калималарини қанчалик мукаммал қилсак, савоби шу қадар кў­пайиб бориши кўриниб турибди. Яна бизда одатга айланмаган ҳолат, яъни мажлисдан турилаётганда салом беришда ҳам катта савоб бор экан.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир. Фойдадан насибасиз киши саломга алик олмаганидир. Агар сен билан биродаринг орасига дарахт тушиб қолса, сен ундан олдин салом беришга қодир бўлсанг, шуни қил", дедилар. Салом берганда алик олмаган киши нақд фойданинг эшиги очилиб турганда бундан фойдаланмаган бенасиб кимса экан.

 

Дилдора МАҲМУДОВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юрти мударрисаси