Мўмин киши гўзал ахлоқли бўлиши ва меҳрга ташна етимлар ҳолидан хабар олиши керак.

Қуръони каримнинг ўндан ортиқ оятларида етимларга яхшилик қилиш, меҳр-шафқат кўрсатиш буюрилган. Аксинча, уларга зулм қилиш – ширк, сеҳр, судхўрлик каби гуноҳи кабиралар қаторида зикр қилинган.

Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: "Қалбимда раҳм-шафқат, кўзимда ёш йўқ. Нима қилай ё Расулуллоҳ!?" дея қалби қаттиқлигидан шикоят қилганида, Расуллулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Етимларга раҳм­ли бўл, бошларини сила, ўзинг ейдиган таомлардан уларга ҳам едир. Шунда қалбинг юмшайди, ҳожатларинг раво бўлади", деганлар. (Имом Табароний ривояти).

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етимларга меҳру мурувватлари чексиз бўлган. У зотдан кейин саҳобаю тобеинлар ҳам Аллоҳнинг розилигига эришиш илинжида саъй-ҳаракат қилганлар. Биз-чи? Фазилатли амалларда ғайратли бўла оляпмизми? Ахир бу хайрли амал туфайли дунё­да қалбимиз ҳузур топиб, ҳожатларимиз раво бўлиши, охиратда эса Расулуллоҳ (алайҳиссалом) билан жаннатда бирга бўлишимиз нақадар улуғ бахтдир.

Демак, кексами, ёшми меҳр­га ташна инсонлардан кўмагимизни аямайлик, уларга чиройли муомалада бўлайлик.

 

Одилбек ХОЛМУРОДОВ,

Тошкент шаҳридаги "Ал-Бадр" жоме масжиди имом-хатиби