Динимизда бизга берилган тенгсиз неъматлардан бири тил экани, ундан оқилона фойдалансак, улуғ даражаларга етказиши, аммо сақлай билмасак, икки дунёда ҳам ютқазишимиз айтилган.

Мўмин одам тилига эрк бермайди. Эшитган ҳар бир сўзини гапиравериш гуноҳкор бўлиб қолишига кифоя қилади. Пайғамбаримиз тилни тийиш борасида бундай марҳамат қилганлар: “Мўминнинг тили қалбида. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили қалбидан ташқарида, хаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди” (Хароитий ривояти).

Донишманд олдига бир одам ҳовлиқиб келиб:

– Сизга бир сўз айтмоқчиман, – дебди.

– Шошма, – дебди донишманд. – Айтмоқчи бўлган гапларингни учта элакдан ўтказдингми?

– Қанақа учта элак? – деб ҳайрон бўлибди у.

– Биринчиси – ҳақиқат элаги, келтирган хабаринг ҳақиқатми?

– Билмайман, мен уни бошқалардан эшитдим.

– Иккинчиси – яхшилик элаги, айтар сўзинг одамларга фойда келтирадими?

– Йўқ, ундай деб ўйламайман. Бироқ...

Донишманд унинг гапини кесибди:

– Унда сўзингни учинчи элакка соламиз. Менга шу хабарни айтишинг шартми?

– Шарт эмас...

Шунда донишманд унга танбеҳ берибди:

– Сўзларинг рост эмас, яхшиликка хизмат қилмайди. Кейин менга айтишинг ҳам шартмас, кел, ўзингни ҳам, мени ҳам қийнама.

Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, шубҳа-гумон, ўзгаларни ҳақорат қилиш каби иллатларнинг барчаси тилни тиймаслик оқибатида содир бўлади.

Пайғамбаримиз бундай деганлар: “То банданинг қалби тўғри бўлмагунича, имони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунича, қалби тўғри бўлмайди. Киши то қўшниси унинг озорларидан омон бўлмагунича жаннатга кирмайди” (Абу Дунё ривояти).

Пайғамбаримиздан “Мусулмон ким?” деб сўралганида, “Мусулмон қўлидан ва тилидан бошқалар озор чекмаган кишидир”, дедилар.

Баъзан кўча-кўйда, жамоат жойларида айрим ёшларнинг ўйламай айтган, пардасиз сўзлари, катталарга гап қайтарганини эшитиб қоламиз. Ота-оналар болалари тилидан бирор ножўя сўз чиқса, уларга насиҳат қилиши, бу ишлари гуноҳ эканини тушунтириши керак.

Мўмин киши охиратда тили сабаб азобланишидан қўрқиши зарур.

Кўпинча савоб ишларни қиламиз-у, билиб-билмай мақтаниб қўямиз. Тилимиз сабаб, яхшилигимиз риёга айланади.

Яқинда ойнаи жаҳонда “Мингта сўз” номли филм намойиш этилди. Бош қаҳрамон ҳаёти бир кечада ҳовлисида пайдо бўлиб қолган катта дарахт билан боғлиқ. Дарахтнинг япроқлари, унинг умр йиллари. Яъни, бир оғиз сўз айтса, дарахтдан битта барг тўкилади. Бу ҳолат эса ўша одамнинг умридан бир неча йил кетди, дегани. Олдинига у эътибор бермайди. Жуда кўп баргларни беҳуда совуради. Барглар жуда оз қолганини кўргачгина, ҳар бир сўзига эҳтиёт бўлиши кераклигини тушуниб етади. Захирадаги саноқли барглардан унумли фойдаланиш керак. Филм қаҳрамони энди фақат зарур бўлиб қолганидагина керакли ва яхши сўзларни айтишга интилади. Олдин онасининг олдига чопади. Уни яхши кўришини айтиш учун битта япроқдан воз кечади. Кейин яқинлари, оила аъзоларидан бирма-бир кечирим сўрайди. Хуллас, қолган япроқларни фақат яхшиликка ишлатишга ҳаракат қилади...

Кино жуда таъсирли, чунки унда тилга эрк беришнинг қандай оқибатларга олиб келиши кўрсатилган.

Тилимиздан чиққан ҳар бир сўзни фаришталар ёзиб боришининг ўзи фойдасиз сўзлардан тийилишга етарлидир. Зеро, Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур) (Қоф, 17–18).

 

Муҳаммад СИДДИҚ