Аллоҳ таоло инсониятга ақл-идрок бериб, мукаррам қилди. Эҳтиёжини қондириш учун жонзотларни бўйсундирди. Одамлар ҳайвон ва қушларнинг гўштларини ейдилар, жуни, пати ва терисидан кийим-бош киядилар.

Аллоҳ таоло бу каби неъматларини васфлаб: “У яна сизлар учун иссиқ (кийим) ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб, чорва молларини ҳам яратди ва улардан тановул ҳам қилурсиз. Яна сизлар учун уларда кечқурун (ўтлоқдан) қайтаётган ва тонгда (ўтлоққа) кетаётган пайтида гўзал манзара пайдо бўлур. Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир” (Наҳл, 5–8), дея Ўзигагина шукр ва ибодат қилишимизга амр этди.

Аллоҳ энг катта махлуқотлардан тортиб, кўз илғамас жонзотларгача бежиз яратмаган. Уларнинг инсонга билдирган ва билдирмаган ҳикматлари бисёр. Одамлар ҳайвонлар бизга бўйсиндириб берилган, улар билан истаганча муомала қиламиз десалар, янглишадилар.

Расулуллоҳ жонзотларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларнинг ҳақларини бериш тўғрисида тавсиялар берганлар. Инсонлар ўзаро қилган муомалалари каби ҳайвонлар устидан ҳам бирдек жавобгарлар. У зот маркаб ёки чорва ҳайвонни калтаклаш, оч қолдириш, оғир юк ортиш каби ишлардан қайтариб, бундай марҳамат қилганлар: “Ердаги махлуқларга раҳм қилинглар. Сизларга осмондаги Аллоҳ раҳм қилади” (Имом Бухорий).

Расулуллоҳ ўтган умматлардан чанқоқдан ҳарсиллаган ва нам тупроқ ялаётган итга сув берган кишидан Аллоҳ рози бўлгани хабарини берганлар.

Ҳайвонларга зулм қилган киши охиратда жазога тортилади. Расулуллоҳ мушукни қамаб, таом бермаган ва ўзи озуқа топиб ейиши учун ҳам қўйиб юбормаган ҳамда ўлимига сабаб бўлган аёлни Аллоҳ дўзахга киритганини хабар берганлар.

Шунингдек, тирик ҳайвонни ёқиш, ўйнаб ўқ отиш учун нишон қилишдан ҳам қайтарганлар. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ : “Руҳи бор бирор нарсани нишон қилманглар” деганлар. Сафардан қайтишда чумолилар уясига саҳобалар ўт қўйишганида Расулуллоҳ улардан: “Буларни ким куйдирди?” деб сўрайдилар. Улар: “Биз”, дея жавоб қилишади. Шунда у зот : “Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ўт билан азоблашга ҳақли эмас”, дейдилар (Имом Абу Довуд).

Ҳайвонларни заруратсиз ўлдиришдан ҳам қайтарилади. Набий : “Ким бир чумчуқни сабабсиз ўлдирса, Қиёмат куни у аршнинг остида туриб: “Раббим бу банданг мени нега сабабсиз ўлдирди, сўрагинчи?”, дейди, деганлар” (Имом Аҳмад).

Юқоридаги оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда ҳозирда барча юртларда, мажруҳ, қаровсиз, хизматга ярамай қолган ҳайвонларга вақфлар ажратилган. Шу соҳа хизматчилари ҳайвонларни озиқ билан таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга янги эгалар топиш вазифасидадирлар. Олимлар ҳам мана шу мавзуга доир оят ва ҳадисларни ўрганиб, қуйидаги хулосага келганлар:

1. Қарамоғидаги ҳайвонга нафақа бериш вожиб. Акс ҳолда, сотади ёки бировга инфоқ қилади ё ризқини топадиган ерга қўйиб юборади.

2. Кўзи кўр ёки мажруҳ мушук бирор уйга келса, уй эгалари уни овқатлантирадилар. Чунки у ўзича овқат топиб еёлмайди.

3. Юк ташиш, миниш учун ижарага олинган ҳайвон оғир юкдан ўлса, ижарачи тўлайди.

4. Бўш ҳайвон бировнинг экинини пайҳон қилса, жазоланмайди.

5. Ҳайвонларга яхши муносабатда бўлмаслик билан танилган кишига ҳайвон ижарага берилмайди. Чунки у ҳайвонга жабр қилиши мумкин.

Хуллас, Ислом нақадар гўзал ва адолатли дин эканига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Аллоҳ нафақат инсонларни, балки ҳайвонларнинг ҳақларини ҳам белгилаб берган. Синовли дунё тугаб, ҳисоб они келиши ҳақ. Бизга бўйсундириб берилган барча ҳайвонот олами олдидаги масъулиятимизни ёдда тутиб, меҳр кўрсатишда давомли бўлайлик. Раббимиз амрларини бажаришни унутмайлик.

 

Тошкент Ислом институти талабаси Райҳона Тожибоева тайёрлади.