Қуръони каримни қироат қилиш савоби катта амаллардандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилган:

“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва оз хайрли амалларни ҳам қабул қилувчидир” (Фотир, 29-30).

Бу оятда биринчи Қур­ъон­ тиловат этиш зикр қи­линиши Қуръони каримни ўқиш ва унга амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг  ажралмас сифати бўлиши лозимлигига ишорадир. Ҳар бир мусулмон намоз ўқиш учун керак бўлган сураларни ёддан билиши фарзи айндир. Қуръони каримни бутунлай ёдлаш фарзи кифоядир. Яъни, бир жамоадан айрим кишилар уни тўла ёдласа, бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади.

Усмон (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатадиганларингиздир”» (Имом Бухорий ривояти).

Қуръонни ёдлаш бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга ёрдам беради. Қуръон нурдир. Уни ёдлаган кишининг қалби мунаввар бўлади. Қалбнинг ободлиги имон-эътиқод ва Қуръон тиловати билан бўлади. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалбида Қуръондан бир оят ҳам бўлмаган киши хароба уйга ўхшайди”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳ­нинг китобидан бир оят ўр­ганишинг сен учун юз ракат нафл намозидан афзалдир”,­ дея марҳамат қилганлар.

Мусулмон киши Аллоҳ­нинг китобини имкони қадар ёдлаши керак. Зеро, Қуръонни ёд олган кишининг мақоми икки дунёда юксак бўлади. Қуръони каримни тўлиқ ёд олишнинг бир қанча услублари бор. Қуйида улардан энг машҳурларини келтирамиз:

1-услуб. Қуръон ярим бет ёки бир, икки, уч, тўрт, беш бетдан бошидан охиригача уч юз мартадан ўқиб чиқилади, иккинчи қайтаришда икки юз мартадан ва учинчисида эса, юз мартадан такрор қилинади.

2-услуб. Олдин ҳар бир поранинг фақат бош бетлари ёдлаб чиқилади. Кейин иккинчи бетлари ёд олинади. Сўнгра учинчи, тўртинчи ва ҳо­казо бетларини ёдлаш давом эттирилади. Бу услубда пораларнинг бўли­ниш жойлари яхши ёдда қолади.

3-услуб. Ҳар бир бет юзтадан ўқиб чиқилади. Бир марта тўлиқ ёдлаб, хатм қилгач, иккинчи марта яна бошқатдан хатм қилишни бошлайди ва яна юзмартадан такрор қилади. Хатмни тугатгач, яна бошидан бошлайди. Шу тариқа саноғи мингтага етгунича такрор ёдлайверади.

4-услуб. Бир сура тўлиқ, пишиқ-пухта ёдланмагунича бошқа сурани ёдлашга ўтилмайди. Бу услуб Қуръонни охиридан бошига қараб ёд олишда қулай. Саҳобаларнинг (розийаллоҳу анҳум) Қуръон ёдлаш услуб­лари шунга яқин бўлган.

Гулобод ҚУДРАТУЛЛОҲ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасаси мударрисаси