Болажон халқмиз. Онаси ё отасидан, ёки иккисидан ҳам, турли сабабларга кўра ажралиб қолган, кўзлари соғинчга тўла, кўнгли меҳрга ташна болажонларни кўрсак, ич-ичимиздан уларга ачиниб, раҳмимиз қўзийди. Ҳиммат қўлларини чўзгимиз келади. Бундай болажонлар учун қанчадан-қанча тарбия масканлари барпо этилган, барча шароит яратилган. Шундай бўлса-да, мурғак юракларида армон яшайди: улар ҳамиша азиз инсонларининг – ота ва оналарининг, яқинларининг меҳр-муҳаббатларини соғинишади.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Хошимов бундай ёзади: “Ҳаётимда кўп дастхат ёзишга тўғри келган. Китоблар, албомлар, суратлар... Фақат бир гал дастхат ёзиш мушкул иш эканини билганман. Олис вилоятлардан бирига борганимизда етимхонага так­лиф қилишди. Дастурхон тўкин эди. Ширинликлар... Болаларнинг ўзи пиширган кулчалар...Томоғим хиппа бўғилиб, сув ҳам  ўтмай қолди. Кейин концерт қўйишди. Болалар хушчақчақ қўшиқ айтяпти-ю, йиғлаётганга ўхшайди. Қизалоқлар шўх-шўх рақсга тушяпти-ю, кўзларида мунг бор, ғусса бор... Бир қизалоқнинг оёғидаги туфличалари икки­ хил...

Учрашув охирида етимхона журналига дастхат қўйишни илтимос қилишди. Узоқ ўйлаб қолдим. Сўнг ёздим: Шу даргоҳдаги болаларнинг ота-онаси ўлган бўлса, Худо раҳмат қилсин. Тирик бўлса...”

Машҳур ҳанафий аллома Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний (милодий 1339 – 1403, ҳижрий 740 – 816) “Китоб ат-Таърифот” номли асарларида “етим” сўзига бундай таъриф беради: “Етим (вояга етмасдан туриб) отасиз қолган шахс­дир. Чунки унинг нафақаси онанинг эмас, балки отанинг зиммасига юкланган”.

Етимни ўз ҳимоясига олган, уни ташқи ва ички зарарли таъсирлардан ҳимоя қилган кишининг мукофоти жаннатдир. Абу Умомадан  ривоят қилинади: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, унинг қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча яхшилик ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан”, деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар” (Имом Аҳмад). Абу Ҳурайра  ривоят қилади: “Мусул­монларнинг уйлари ичида энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уй­лари ичида энг ёмони етимга ёмонлик қилинадиган уйдир” (Ибн Можа). Энди етимнинг бошини силаб, тарбия қилган, уни ўқитган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, яхши муомала қилган кишига бериладиган ажрларни ўзингиз чамалаб кўринг...

Дарҳақиқат, фарзандларимиз Яратган инъом этган азиз неъмат. Шунингдек, улкан омонат ҳамдир. Уларни бағримизда асраб-авайлаб, соғлом ва баркамол инсон қилиб улғайтирсак, иншааллоҳ, ўзимиз учун ҳам,  келажагимиз учун ҳам фойда бўлади.

 

Нурали МАВЛОНОВ,

Зангиота тумани бош имом-хатиби