Тил ўзи тан аъзоси ўлароқ кичкинагина бўлса-да, масъулияти жуда каттадир. Чунки ғийбат, туҳмат, ёлғончилик, ҳақорат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш каби гуноҳ ишларни тил содир этади. Сўз кучи билан олам ислоҳ этилиши, тил хатоси туфайли жамият бузилиши мумкин. Донишманд халқимиз: “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқади”, деб бежиз айтмаган. Ойша онамиздан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. Расулуллоҳ унинг кимлигини билганларидан кейин: “У қавмининг энг ёмон кишиси”, дедилар, аммо киришга рухсат этдилар. Кейин уни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, унга мулойимлик билан гапирдилар. У кетгач, Ойша онамиз таажжубланиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Унинг номини эшитганингизда, қавмининг энг ёмон кишиси, деб айтдингиз. Ҳузурингизга кирганида, уни яхши қабул қилдингиз, мулойим гапирдингиз?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ : “Эй Ойша! Сен қачон менинг қўпол муомала қилганимни кўргансан? Бу дунёда қўполлиги сабаб одамлар у билан муомала қилмай қўйган киши қиёмат кунида энг ёмон кимса бўлади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, тил фақат рост, бошқаларнинг дилига озор етказмайдиган чиройли сўзларни гапириши лозим. Уни ҳақорат, фаҳш ва беҳуда нарсаларни гапиришга одатлантириб қўйишдан сақлаш керак. Кишиларнинг ёмонлигини яшириб, фақат яхшиликларини айтиш ҳам фазилатдир. Шу боис, сўзлаганда билиб сўзлаш, бўлмаса жим туриш афзал саналади. Расулуллоҳ : “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхшиликни сўзласин ёки жим турсин”, деганлар.

Тилни қалб таржимони ҳам дейишади. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигини, қандай инсонлигини англаса бўлади. Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Банданинг қалби тўғриланмас экан, унинг имони тўғри бўлмайди ва банданинг тили тўғриланмас экан, унинг қалби тўғриланмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Мўмин ёмон гапларни айтишдан, ғийбатдан, бақир-чақир қилишдан ўзини тийиб, муомаласи ёқимли, сўзи ширин бўлади. Ғайратли, жаҳлини жиловлай олган, хушфеъл кишиларга улкан ажрлар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Уларнинг кўп шивирлашиб гапиришларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз» (Нисо, 114).

Чақимчи ва ғийбатчи кишилар ўсимлик илдизига тушган қуртдай халқ орасига нифоқ солиб, яхшилик томирларини кемириб, темирдаги занг каби меҳр-муҳаббатни емириб боради. Шунинг учун ҳикматли зотлар: “Мол ўғрисидан кўра дўстлик, улфат ва муҳаббат ўғриларидан эҳтиёт бўлмоқ лозим”, дейишган.

Абдулла Авлоний бундай ёзади:

 

“Агар журму гуноҳ  бўлсин десанг оз,

Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз”.

 

Пайғамбаримиз Абу Зарга қилган васиятларининг бирида: “Жим туришга одатлан, чунки жим туриш, шайтонни ҳайдайди ва динингни сақлашингда сенга ёрдам беради”, деганлар.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!» (Аҳзоб, 70).

 

Қувондиқ БОЙМУРОДОВ,

Тошкент шаҳридаги “Чўпон ота” жоме масжиди имом-хатиби