Фарзанд тарбиясини ҳар ким ҳар хил шарҳлайди: кимдир болага ёшлигидан улуғ устозлар тавсиясига кўра тарбия беришни айтса, бошқаси энг аввало ота-она ўз ибрати билан тарбиялаши лозим деб ҳисоблайди.

Баъзан кексалар "Бизнинг давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди", деб нолиб қолади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам ўз навбатида катталарни даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Ёш ва замон орасидаги фарқ туфайли катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто, кийиниш, муомала каби оддий ҳолатларда ҳар икки томон кескин фарқланиши мумкин.

Чунки уларнинг ёши ва ҳаётий тажрибаси орасида катта тафовут бор. Ота эришган тажрибаси, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шуни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз...

Шу нарса кундай равшан, фарзанд учун ота-онадан садоқатли, меҳрибонроқ одам топилмайди. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат келганида ҳамма ундан воз кечиб кетиши мумкин. Фақат ота-она фарзанди билан баравар қайғуради. Аммо бу садоқат ва фидокорлик айрим фарзандларга ёқмайди. Гўё уни ёш бола санаб, илтифот кўрсатишаётгандек туюлади.

Бундай ҳолларда болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини ётиғи билан таҳлил этинг. У билан дилдан, самимий "гаплашиб олиш"га урининг. Ҳис-туйғулари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмас­дир?

Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб унинг тарбияси "нобоп"лигидан шикоят қилишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган "қолип"ларга солишга, одоб-ахлоқини "ўнглаш"га ҳаракатлар бошланади.

Бу ҳам тўғри эмас. Чунки ҳали яхши ва ёмон нималигини анг­ламаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, турли қолипларларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш унинг иродасини синдириши, руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Тарбия бир неча томондан олиб борилади. Ақлий тарбиясини ўнглаш учун унга турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар айтилади ёки ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Яхшилик ва ёмонлик, одоб ва ахлоқ каби мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш олиб борилади.

Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган баъзи бир ота-оналар аввало, ўзларини болаларининг ўрнига қўйиб мулоҳаза юритишса, ҳамма нарса жойига тушади.

Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан катталардан ўрганади. Улардан ибрат олишга, тақлид қилишга интилади. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангизу, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман, деб ўйласангиз, хато қиласиз.

Агар ўзингиз ёлғон гапирсангиз, болангиздан ростгўйлик кутиб овора бўлманг.

"Қайтар дунё" деган гап бор. Ота-онангизга қандай муомала-муносабат қилган бўлса­нгиз, бу фарзандлари­нгиздан, албатта, қайтади.

 

Аҳмад ҳожи БОЙҚОБИЛОВ,

Қарши шаҳар бош имом-хатиби

Асрор ҳожи ҚИЛИЧЕВ,

журналист