Аҳли сунна вал жамоа таърифига кўра, Аллоҳ таоло барча жонзотларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий нарса ризқдир. Бунда манфаат олиш шарт қилинган. Агар инсон чўнтагидаги пулдан манфаат олмаса, у ризқ бўлмайди. Ўзидан ке­йин қолдирган мол-дунёси эса, меросхўрларнинг риз­қидир. Инсонлар манфаат оладиган, эҳтиёжи учун керак бўлган ҳар бир нарса ризқ ҳисобланади. Ҳатто инсонга бериладиган илм ҳам, ҳидоят ҳам ризқдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг риз­қи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лав­ҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир" (Ҳуд, 6).

Қуръони каримда: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз", дея буюрилган (Бақара, 172-оят). Демак, нопок нарсалар ҳам ризқ қилиб берилади. Аллоҳ таоло пок ризқ­ни қабул қилади ва унга ибодат деб ажр беради. Нопок нарсаларни маъсият деб номлаб, унга азоб беради. Уни қабул қилмайди. Ҳар иккисини танлаш ихтиёрий қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳеч бир нафс ўз ризқини тўла олмагунча зин­ҳор ўлмас. Аллоҳ таолога тақво ила, талаби ризқ­ни тўла қилинглар. Ризқнинг кеч қолиши уни гуноҳ билан талаб қилишингизга олиб бормасин. Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсага фақат у Зотга тоат-ибодат қилиш билан эришилади", дедилар.

Қуръони каримда: "...Ким­ки Аллоҳга тақво қил­са, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқ­лантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилур" (Талоқ, 2–3) дейилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: "Ислом дини кишини ёлғон қасам билан биродари молини ноҳақ ўзиники қилиб олишдан қайтаради. Икки хил ноҳақ ейиш бор: 1) зулм йўли билан бировдан тортиб олиш. Бунга хиё­нат қилиш, судхўрлик кабилар киради; 2) ҳазил йўли билан. Унга қимор ўйнаш ва бошқа эрмак йўллар билан шуғулланиш киради".

Абу Аъло (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳаром еб ўсган жасад жаннатга кирмайди", деганлар».

Демак, инсон ҳаром луқма еса, унинг қилган ибодати ҳам, дуоси ҳам қабул бўлмайди. Чунки дуонинг икки қаноти бўлиб, бири ҳалол луқма, иккинчиси тўғри сўздир.

 

Абдусамад ХАЛИЛОВ,

Сурхондарё вилояти Ангор тумани "Абу Исо ат-Термизий" жоме масжиди имом-хатиби