Инсон билмаган нарсасини билмайман деб айтишдан орланмаслиги керак. Имом Мовардий "Одоб" асарида шундай ёзади: "Барча илмларни эгаллашнинг иложи йўқ экан, унинг бир қисмини билмаслик айб эмас, шунинг учун киши билмаган нарсасини билмайман дейишлигида зарар йўқ. Энг ёмони хато, нотўғри гаплар билан инсонларни адаштириш, қалбларига шубҳа солишдир".

Қуръони каримда бундай баён қилинади: «Улар айтдилар: "Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан"» (Бақара, 32).

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Бир киши Пайғамбаримиздан (соллалоҳу алайҳи ва саллам): "Ё Расулуллоҳ, маконларнинг қай­си бири ёмонроқ", деб сўради. "Жаброилдан сўрамагунча билмайман", деб айтдилар...

Ибн Ваҳб айтади: «Менга Имом Молик деди: "Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларнинг имоми, оламларнинг саййиди бўлсалар ҳам бирон нарса ҳақида ваҳий келмагунича жавоб бермасдилар"».

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) минбарда эканларида, бир масала ҳақида сўралди. "Билмайман", дедилар. Шунда: "Сиз улуғ мақомдасиз, нега саволга билмайман, деб айтасиз?" дейишди. "Мен бу мақомга билган билимларим миқдори билан кўтарилдим, агар билмаганларим юзасидан бўлганида эди, осмонга етардим", дедилар. Имом Абу Юсуфга (розияллоҳу анҳу): "Нега сиз байтул молдан шунча маблағ оласизу, аммо мана бу масалани ечишга ожизлик қиласиз", дейишганида, "Ҳа, мен билимим миқдорича оламан, агар билимсизлигим миқдорича олганимда, ундаги барча молларни олиб қўйган бўлардим", дедилар.

Алҳайсам ибн Жамил айтадилар: "Анас ибн Молик қирқ саккизта саволдан ўттиз иккитасига билмайман деб жавоб берганининг гувоҳи бўлдим".

Илми оз кишигина атрофидагиларнинг эътиборидан қолишдан қўрқиб, билмаган нарсасидан сўзлайди. Ҳолбуки, бу иши билан гуноҳкор бўлаётганидан хавф қилмайди. Забардаст уламолар ҳам билмаган масалаларида билмайман, деб жавоб берганлар. Бундай қилиш илм­ни беркитиш ёки жаҳолатга йўллаш эмас, балки садоқат ва омонатдорлик белгисидир.

Илмни чуқур ўрганмай туриб, нотўғри хулосалар чиқариш, турли масалалар юзасидан ҳукмлар айтиш ва фатволар бериш авом халқ ўртасида ихтилоф ва фитна пайдо бўлишига сабабдир.

Демак, ҳар бир инсон Аллоҳ билдирган бўлса, холис етказиши, акс ҳолда ўзидан олимроқ бўлган кишини тавсия этиши керак. Ҳолбуки, билмаслик эмас, балки билишга интилмаслик айбдир.

 

Ғуломназир ИСКАНДАРОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси