Қишлоғимиз аҳли раҳ­матли отамни “Аҳрор домла” деб чақирган. У киши Самарқанд, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган, мударрислик қилган, сўнг мактабларда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. Чет тилларни яхши билгани боис биринчилар қатори урушга жўнатилган. Уруш йиллари отам ва акамдан ажралган онам жуда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Онамга ёрдам бериш мақсадида мен мактабга бориб-бормай пул топиш пайига тушдим, колхозда ишладим. Аммо онам: “Отанг зиёли инсон бўлган, сен уларнинг ишларини давом эттиришинг керак”, деб ўқишимга шароит яратиб берди.

Мактабдан кейин техникумда ўқидим. Садриддин Айнийнинг котиби Бурҳон Акромов тил ва адабиётдан дарс берарди. Бурҳон ака отам билан қадрдон бўлган экан, шаҳарда янги мактаблар очиб, биргаликда ўқитувчилик қилганлари ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Ҳар доим у кишидан отам ҳақида эшитганимда, дилим сурурга тўлар, қалби уйғоқ маърифатпарвар инсонга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қилардим. Илм олишга, айниқса, она тили ва адабиётни ўрганишга иштиёқим кучайди. Таҳсил давомида Бурҳон ака турли мавзуда хабару мақолалар ёзиш усулларини ҳам ўргатди.

Илк ёзган кичик хабарим газетага чоп этилганида, қувониб сакраганларим эсимда. Кичик-кичик хабарларим билан матбуотда қатнашиб турдим. Қарийб қирқ йил савдо соҳасида ишласам-да, севимли машғулотимдан воз кечмадим – мақолалар ёздим, хабарлар уюштирдим.

Ҳаётда ўз йўлимни топишда суянчиқ ва далда бўлган онамдан чексиз миннатдорман. Устоз Бурҳон ака каби яхши инсонлар меҳридан шодман. Ҳозир тўрт нафар ўғил-қизим, ўн олти нафар набирам, ўн нафар эварам бор. Худога шукр, болаларим вақтни қадрлашади – китоб, журнал ва газеталарни мутолаа қилишади, турли халқлар тилини ўрганишади, ҳунар­мандчилик қилишади. Иш­тиёқларини, хатти-ҳара­катларини кўриб, дилим қувнайди.

Тўйчи ҒОЙИБОВ,

Самарқанд шаҳри