Одамнинг қадрига қадр қўшувчи, ҳаётига маъно ва мазмун бахш этувчи хислат  инсофдир.

Яқинда халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг "Инсоф" асарини ўқидим. Адиб бундай ёзади: "Халқ­имизнинг ғаройиб удумлари, маънавий фазилатлари бадиий адабиётда, айниқса, Қодирийнинг асарларида ўз ифодасини топган. "Ўткан кунлар" романидаги бир воқеани эслайлик. Отабек Тошкент­да Зайнабга уйланишга мажбур бўлади. Бироқ тўй ўтгач, "қанот чиқариб" Марғилонга "учади". Бу орада Ҳомиднинг фитнаси билан Мирзакарим Қутидорнинг хонадонига Отабек номидан Кумушни "талоқ қилгани" ҳақида хат борган.

Шом намозига шошилаётган Қутидор эшикдан чиқиши билан Отабек уни кўради-ю, отини кўча ўртасида қолдириб, қайнотасининг истиқболига югуради. Қутидор учун бу икки ҳисса ҳақорат бўлиб туюлиши табиий эди. Не ниятлар билан ўстирган биттаю битта қизи – Кумушни бахти қаро қилган, устига хотин олгани етмагандек, "талоқ хати" ёзган собиқ куёв унга қучоқ очиб келса! Мирзакарим Қутидор "Уятсизга менинг уйимда жой йўқ", дея эшикни ёпади. Ҳеч нимадан бехабар Отабек ҳушсиз бир алпозда туриб қолади.

Мана шу ўринда оддий бир китобхон деярли эътибор бермайдиган ғалати гап бор. "Отабек эсини бошига йиғиб, михланган еридан қўзғалганида шом намози ўқилиб битган, кишилар уйига қайтаётган эди. У келиб отига минди ва "чуҳ" деди. Лекин от жойидан қўзғалмади, икки-уч қамчидан сўнг толга боғланган тизгин шарт этиб узилиб кетгач, юриб кетган отини боя ўткинчилардан биттасининг боғлаб турганини эслади. "Чуҳ" деди, от кўчанинг шарқига қараб юриб кетди..."

Савол туғилади. Отабекнинг кўча ўртасида бошвоқсиз қолган отини толга ар­қонлаб қўйган ким? У Отабекни танирмиди? Нега энди етти ёт бегона одамнинг уловини етаклаб бориб, арқонлаб қўйди? Зарилмиди шундай қилиши?  Гап шундаки, ўша инсонда ИНСОФ бор эди!"

Демак, бажаришга мажбур бўлмаган хайрли ишни амалга оширмоқ – инсоф. Унинг соҳиби эса инсофли, деб аталди. Зотан, инсон ақлини таниши билан динимиз томонидан эзгу ишларни амалга оширишга чақирилади, унинг икки дунё саодати ҳам айнан инсоф сифати ортига беркитиб қўйилади.

Шундай экан, бу дунёда инсоф билан иш тутмоғимиз, хайр­ли юмушларга ҳиссамизни қўшмоғимиз, яшаш жойларимиз, кўча ва боғларимизнинг ободлиги, пешона тери билан топганларимиз тасарруфи, халқ мулки муҳофазаси, қўшничилик ва оила ришталарини мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларимизни маънан ва жисмонан етук қилиб тарбиялашда фаол бўлмоғимиз даркор.

 

Нурали МАВЛОНОВ,

Зангиота туманидаги «Умир» жомий  имом-хатиби