Онасининг вужудида пайдо бўлган вақтидан бошлаб эшитган ҳар бир одам боланинг соғ-омон дунёга келишини тилайди. Ҳали дунё юзини кўрмаган мур­ғак туфайли оилада меҳр ришталари мустаҳкамланади.

Оила эрни ота, аёлни она мақомига кўтаради. Бу – жуда улкан бахт. Фарзанд туғилгач, ота-она жажжи инсон умрини тилаб, атрофида парвона бўлишади. Кулса, у билан бирга кулишади, йиғласа, қўшилиб йиғлашади. Хас­таланса, ўзларини қўярга жой тополмай қолишади. Унинг ороми учун ўз ҳаловатларидан батамом кечишади. Дунёдаги барча яхшиликни жигарбандларига илинишади, ҳамма нарсани миннатсиз ва давомли унга раво кўришади.

Шу тарзда гўдак бундай яхшиликлар дарёсида сузади. Неъматлардан хоҳлаганича фойдаланиб, ташвиш нималигини билмай улғаяди.

Йиллар бир-бирини қувиб ўтиб, унинг қўлидан иш келиб, ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмай қолади. Севган касбини эгаллайди, доимо иш билан банд. Ҳавас қилса арзигулик оиласи, ҳаёт тарзи, таниш-билишлари бор. Дўстлари билан учрашувлари кўп. Хуллас, энди унинг ўзига яраша ташвишлари, қувон­ч­­­­­лари бор.

Бу вақтга келиб эса, уни шу кунларга етказай деб заҳматдан ҳеч  чўчимаган ота-она куч-қувватсиз, мадорсиз. Тик қомати дол, бошларига оппоқ қор қўнган. Сўлғин кўзлари дарвозага термилган – жигарбандини кутади...

Дунё ичра дунё бўлган бу зотларнинг қадрини била оляпмизми? Улар вояга етгунимизга қадар не машаққатларни енгиб ўтишмади? Биз бу ҳақида ўйлашдан кўра бош­қа нарсалар тўғрисида кўпроқ бош қотиришни афзал кўрмаяпмизми? Ғанимат дунёда омонатларимиз бўлган ота-онамиздан миннатсиз лутф кўр­ганмиз, аммо уларга қилаётган муомаламиз, аслида, фарзандлик бурчимиз бўлган ишлардан миннат, риё иси келмаяптими? Дунё­нинг ишларини бир четга суриб, имон, инсофни ҳакам қилиб, ўзимизни сўроқ қилиш фурсати етмадими?

Ота-онамизни кўр­гани бораётганимизда йўлда учраган танишимизнинг: "Йўл бўл­син?" деган саволига: "Чол-кампирни кўриб келай, қариб, инжиқ бўп қолишган", деб жавоб қайтарамиз. Аммо бизнинг ёшлигимизда қилган бир дунё инжиқликларимизга сабр қилганларини эсимиздан чиқариб қўямиз. Ота-она касалланиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган ҳолатларда: "Худо билади, қанча умрлари қолган? Чидаб турамиз-да..." каби гаплар қулоққа чалинади. Биз ҳам шундай фикр­ловчилардан бири эмасмизми – ўзимизни бир тергаб қўяйлик.

Дуогўйларимиз дунё­дан ўтиб кетишганидан кейин бир умр виждон азобида қолмайлик. Ҳар кунимиздан ота-онамиз хизмати учун миннатсиз вақт ажратиш фарзандлик бурчимиздир.

 

Муҳаммадсобир АБДУМАЛИКОВ