Умр барчамизга берилган синов муддатидир. Ўтаётган ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон ҳаётининг қайтарилмас онлари саналади.

Аллоҳ таоло бир неча суралар бошида: "Қасамёд этаман қоплаб келаётган тун билан" (Лайл, 1); "Аср билан қасамёд этурман" (Аср, 1); "Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан" (Зуҳо, 1) каби оятларни нозил қилди.

Парвардигорнинг Ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичиши, инсонлар диққатини айнан мана шу неъматга қаратиши, унинг қадри ва манфаати улуғлигини билдиришдир.

Қуръони каримда: "У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-низомга солиб қўйди). Яна У Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди" (Иброҳим, 33–34) дейилган. Уламолар айтишади: "Ҳаётнинг мазмуни шундан иборатки, киши ўлганидан сўнг ҳам унинг умри давом этадиган даражада яшаши керак".

Ҳадисларда Қиёмат куни бандадан умрни қандай ўтказгани ва ёшлик чоғида нималар билан машғул бўлгани сўралади, дейилган. Вақт­ни орқага қайтаришнинг имкони йўқ. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: "Ҳар бир тонги отган кун борки, инсон боласига нидо қилади: "Мен янги яратилдим, ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, Қиёматгача қайтмайман".

Фақат бир маротаба бериладиган, тугаш вақти номаълум умрдан унумли фойдаланиш мўминнинг зиммасидаги вазифадир. Шунинг учун синов келганда сабрсизлик, иродасизлик қилиб, ўзининг ёки бировнинг жонига қасд қилиш гуноҳи кабира саналади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Сизлардан ҳеч бири­нгиз қийинчилик етган вақтда ўлимни орзу қилмасин", дедилар (Имом Бухорий).

Абу Бакр Сиддиқдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда бир киши келиб Пайғам­баримиздан (алайҳиссалом): "Ё Расулуллоҳ, инсонларнинг энг яхшиси ким?" деб сўради. У зот (алайҳиссалом): "Умри узун ва амали яхши бўлгани", деб жавоб бердилар. Ҳалиги одам: "Инсонларнинг энг ёмони ким?" деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Умри узун, амали ёмон бўлгани", деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий, Ҳоким).

 

Абдулбосит РАҲИМОВ,

Мир Араб мадрасаси мударриси