“Мусулмон тилидан ва қўлидан (бошқа) мусулмонларга зарари тегмаган кишидир”. (Ҳадис)

Жанжаллашиб турган кишиларни кўрсак, дилимизда оғриқ туради, ич-ичимизда улардан норозилик ҳисси пайдо бўлади. Ҳар қандай масалани босиқлик билан ҳал қилиш мумкин-ку, деб ўйлаймиз. Аммо қайсидир сабабдан ким биландир келишолмай қолсак, ўзгаларга осонгина тавсия қилганимиз босиқликни унутиб қўйиб, овозимиз кўтарила бошлаганини сезмай қоламиз. Ўша лаҳзаларда ўзимизни ҳақ деб билган ҳолда, жаҳлдан тушгач қилмишимиздан пушаймон еймиз. “Тортишиб нимага эришдим? Қизишмасдан битта сўздан қолганим яхшимасмиди? Арзимаган нарсани деб шунча асаббузарлик қилдикми?” деган афсус-надомат кечикиб қалб эшигимизни қоқади. Аммо... фурсат ўтган.

Муборак ҳадисларни шиор қилиб яшаган аждодларимизнинг жуда кўп ўгиту панд-насиҳатлари бор. Ўқиганингиз ва ё эслаганингиз сари ўтмишда айтилган ҳикматли гаплар бугунги ҳаётимизга жуда-жуда мос келишига амин бўлаверасиз. Ажойиб нақл бор: “Яхши гап билан илон инидан чиқади...” Акси бўлганида-чи? Оталаримиз бу хавфдан ҳам бизни огоҳ этишни унутишмаган: “...пичоқ қинидан...”, “...мусулмон динидан...”

Бизни бошқа яратиқлардан ажратиб турадиган унсурнинг бири ақл бўлса, иккинчиси тилдир. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтсак:

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Сўзлай билиш буюк неъматлардан. Эзгуликка хизмат қилсагина, албатта. Назаримда, сўз ҳам олмосга ўхшайди; яхшиликка ишлатсанг – кўзларни қувнатиб, қалбларни ёриштиради, эҳтиётсизлик қилсанг – кесади.

Донишманддан “Қайси заҳар кучли?” дея сўралганида “Одамнинг заҳри”, деб жавоб берган экан. Қиличдан етган жароҳат тез битиб, тил яраласа, йиллар ўтиб ҳам битмаслиги шундандир балки...

Доимо хушфеъл, яхши муомалали бўлайлик. То, пичоқ қинида, мусулмон динида қолсин-да, илонлар инидан чиқсин.

Хуллас, ушбу муборак ҳадисга биноан яшай билсак, дунёю охират саодатини топамиз.

 

Гулбаҳор