Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун далиллар бордир” (Рум, 21).

Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўзал ахлоқлари, Ислом одоби билан зийнатланиш мақсадида оила қурилади.

Бўйдоқ киши “қўли калталиги”ни рўкач қилиб, оила қуришни пайсалга солмаслиги керак. Чунки, никоҳ билан инсон нас­лини давом эттиради, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ёмон ишлардан тийилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Тўртта яхши иш пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик суриш, мисвок тутиш ва уйланиш” (Имом Термизий ривояти).

“Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да бундай ёзилган: “Оила гўзал саодат боғидир, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Ота-оналар ёш келин-куёвларга оилавий турмуш, унинг пасту баланд, нозик жиҳатлари ҳақида панд-насиҳат қилиши, ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари керак. Машҳур саҳобий Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) нақл қилинган ривоятда” “Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишни буюрардилар”, дейилган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розийаллоҳу анҳу) қизларига бундай насиҳат қилганлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор эрингни терговчи­ бўлмагин, у кўнгилсизлик келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг яхшиси сув (билан покланиб юриш)дир”.

Аёлларимизга чиройли муомала қили­шимиз, уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда қўполлик қилмай, секин тушунтириб, уни тузатишига кўмаклашишимиз керак. Зеро, хотинларимиз билан яхши ва гўзал муомалада бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳам алоҳида такидлаган. Чунки аёллар оналаримиз, фарзандларимиз тарбиячисидир. Саранжом-саришталик, кийим-кечак ва уйнинг озодалиги ҳамда овқат тайёрлашда уларнинг хизматига суянамиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин одам мўминага ғазабланмасин! Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Фарзандларимизга панд-насиҳатлар қилишимиз, ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини, оила бузилишига сабаб бўладиган омилларни, хусусан, никоҳ ва талоққа доир масалаларни мукаммал тушунтирмоғимиз, ўзаро ҳурмат, сабр-қаноатга ўргатмоғимиз лозим. Шунда оила мустаҳкам бўлади, арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишларнинг олди олинади.

 

Абдулҳамид Турсунов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири