Аллоҳ таоло инсон тириклигини ҳалол ризқ топиш йўлидаги саъй-ҳаракатга боғлади ва инсонга Ўзининг беҳисоб неъматларини ато қилди.

Қуръони каримда айтилади:

"Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир" (Наҳл, 18).

Мана шу илоҳий неъматлардан тўрт фаслнинг ибтидоси бўлган баҳор фасли она заминимизга кириб келди. Бу муборак фаслда деҳқон яхши ниятлар билан ерга уруғ қадайди ва Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан барча мавжудот тириклигига сабаб бўлувчи ёмғир ёғдиришини ҳамда ҳосилларига баракот беришини сўрайди. Зеро, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилиб айтади:

"У осмондан сув (ёмғир) туширган Зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавм­лар учун аломатлар бордир" (Анъом, 99).

Юртбошимиз бу йилни "Обод турмуш йили" деб эълон қилдилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ўзи яшаб турган жойни обод ва фаровон масканга айлантириш борасида ҳар бир кунни ғанимат билиши керак.

Мусулмон киши  гўзал одоб-ахлоқида  барчага ўрнак бўлиши билан бирга, жамият фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиш, фойдали касб-ҳунар билан шуғулланиш ва ўзининг турмуш даражасини юқори кўтариш, илмий-маърифий савиясини мукаммаллаштиришга ҳаракат қилмоғи лозим.

Ҳар бир мусулмон киши дунё ободлигини охират обод­лиги билан узвий боғлаши, она-юрт­нинг ҳар бир гўшаси фаровон бўлиши йўлида чин ихлос билан ишлаши талаб этилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

"... ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас" (Қасас, 77).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­ҳамат этиб бундай деганлар:

"Бирон-бир мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади" (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳақ таоло жуда ҳам муҳим ва зарур бўлган бу олижаноб ва савобли вазифани мукаммал адо этишимизда Ўзи мададкор бўлсин! Зеро, Аллоҳ таоло амр этиб, бундай деган:

"Айтинг: "Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур" (Тавба, 105).

Маълумки, дунёдаги ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқ­нинг миллий ва диний байрам кунлари бўлади. Шу жумладан, бизнинг она-юртимиз, мустақил Ўз­беки­­стон халқининг ҳам қатор байрамлари борки, ҳар йили улар шодиёна билан тантанали равишда ўтказиб борилади. Худди шундай миллий байрамларимиз­дан бири баҳор байрами Нав­рўздир.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам: "Ҳар тунинг Қадр бўлубон, ҳар кунинг бўлсун Наврўз", деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.

Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқи­миз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришга муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айт­ган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлиши учун ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таолодан мамлакатимиз янада обод ва гўзал бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омон айлаб, икки дунё саодати йўлида олиб бораётган амаллари ва саъй-ҳаракатларига баракотлар ато этишини сўраб, дуо қилиб қоламиз!

 

Камолиддин Жамилов,

Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани