Қарзни тўлаш қарз берган одамнинг кечиши ёки қарздорлик сабаби бекор бўлганидагина қарздор зиммасидан соқит бўлади

Қарзни тўлаш қарз берган одамнинг кечиши ёки қарздорлик сабаби бекор бўлганидагина қарздор зиммасидан соқит бўлади. Агар шундай бўлмай, қарздор оламдан ўтса, охиратда ҳисоб қилинади.

Шунинг учун, одатда, вафот этганга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан: “Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса, адо этасизми?” деб сўралади. Табиий, сўралган одам: “Ҳа” деб жавоб беради ва марҳумнинг қарзи бўлса, уни тўлашга кафил бўлади.

Кафолат (кафиллик) – ундириб олишда мажбуриятни мажбуриятга қўшишдир. Яъни, қарзни ундириб олишда кафилнинг мажбуриятини қарздорнинг мажбуриятига қўшишдир. Бу билан қарз кафилнинг зиммасида собит, қарздорнинг зиммасидан эса соқит бўлмайди[1].

Кафил Қуръони карим, суннат ва ижмо билан машру бўлган.

Юсуф сурасининг 72-оятида: “Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман”, деб марҳамат қилинган. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) шу оятдаги “вакилман” сўзини “кафилман” дея тафсир қилганлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кафил масъулдир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Одамларнинг эҳтиёжи борлиги ва қарздордан зарарни кетказиш учун фуқаҳолар кафолатнинг жоизлигига ижмо қилишган. Кафолатнинг машру бўлиш ҳикматига келсак, у ҳақларни қатъийлаштириш, одамлар ўртасида ўзаро ёрдамни юзага келтириш, қарз олиш ва орият (рўзғор буюмлари каби нарсаларни фойдаланишга олиш) битимларида енгиллик қилиш ва одамлардан қийинчиликни аритишдир.

Мулла Али Қори айтади: “Қарздор мол қолдирмай оламдан ўтса, ундан кафил бўлиш дуруст эмас. Бу имом Абу Ҳанифа наздларида. Аммо Абу Юсуф, Муҳаммад: “Ундан кафил бўлиш дуруст, дейишган”.

Имом Абу Ҳанифанинг далиллари бундай: Қарз, ҳақиқатда, олганини қайтаришдир. Қарзга олинганни (мислини) қайтариш вожиб бўлади. Ҳеч қандай мол қолдирмай дунёдан ўтган қарздор қарзини тўлашдан (вожибни адо этишдан) ожиздир. Шунинг учун дунёвий ҳукмларда қарзи соқит бўлади. (Бу кимдир унинг қарзини узса, қарз берган уни олиши мумкин бўлмайди, дегани эмас). Соқит бўлган қарзга кафил бўлиш эса мумкин бўлмайди. Аммо ундан мол қолган бўлса, қолган молидан қарзи узилиши лозим. Лекин ундан кафил бўлиш, кафилликни қарз берган киши кафил бўлиш жойида қабул қилиши шарт бўлганидан, дуруст бўлмайди.

Имом Абу Юсуф ҳамда Имом Муҳаммад далиллари бундай: у ҳеч нарсаси қолмаган қарздордан тириклигида кафил бўлиш дуруст бўлганидек, ўлганидан сўнг ҳам кафил бўлиш дурустдир. Қарз берган киши кафилликни кейин эшитиб қабул қилса кифоядир.

Қарзини узмай ё кафил уни тўлашини зиммасига олмай оламдан ўтган кишига жаноза намозини ўқимаслик ҳақидаги ҳадис насх бўлгандир2.

Бир киши ўз ихтиёри билан ҳеч нарса қолдирмай оламдан ўтган қарздор қарзини тўласа, (қарздор) ухровий жазодан қутулади.

Мубашшир АҲМАД

 



[1] “Фатҳул қадир”. 5/389. “Бадиъ”. 6/2. “Дуррул мухтор”. 4/260.

2 “Умдатул қорий”. 18/333.