Аллоҳ таоло: "...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда)нажот топсангиз" (Нур, 31).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан гуноҳларингизни кечиришини доимо сўранглар! Албатта, мен ҳам Аллоҳга ҳар куни юз марталаб тавба қиламан", деганлар (Имом Муслим ривояти).

Гарчи, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввалги ва охирги гуноҳларини кечирганлиги ҳақида хабар берган бўлса-да, У зотнинг доимий тавба қилиб юришлари биз умматлар учун ибратдир.

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўқиган бўлсак-да, гоҳида тавба қилиб, истиғфор айтиб юришга эътиборсиз бўлиб қоламиз. Бир воқеа менга сабоқ бўлди, ундан ибратландим.

Дугонам Салима билан хайр­лашиб, "кўришгунча хайр, яхши дам олиб келинг", деб уйимизга олиб борадиган автобусга чиқиб кетдим. Эртасига ишга келганимда, ходимларнинг кайфиятсиз турганларидан хавотирланиб: "Тинчликми?" деб сўрадим. Хонадаги дугоналаримдан бири: "Салима... кечаси юраги қаттиқ хуруж қилиб тўсатдан вафот этиб қолибди, бугун аср вақтида жаноза экан. Аллоҳ раҳмат қилсин, яхши қиз эди", деганида ўзимни йўқотиб қўйдим. Бошқа гап қулоғимга кирмади. Анчадан ке­йин ўзимга келдим ва кечагина хайр­лашиб кузатган дугонамнинг ёрқин чеҳраси кўз олдимга келиб, ўзимни йиғидан тўхтатолмадим. Кимнинг умри қачон тугашини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас экан. "Кеча бор одам бугун йўқлик сари кетган", дедим-у: Нима учун йўқлик сари деяпман? Ахир у абадий бўлган охират дунёсига кетди-ку, охирати обод бўлсин", дедим.

Дугонам ҳамиша кулиб юрарди, каттаю кичикка яхшилик қиларди, арзимасдек туюлган хурсандчиликни ҳам биз дугоналарига илиниб юрарди. У ҳаётни яхши кўрарди. Бахтли бўлиш, агарда турмушга чиқса, эрининг, қайнона-қайнотасининг хизматларини қилиб, дуоларини олиш орзусида эди. Афсус, у дунёдан эрта кетди...

Охирга йўлга кузатиш учун уйига бордик. Бечора она... ку­йиниб, товушини чиқармасдан йиғлар, Аллоҳ берган қисматига рози бўлиб, сабр-матонат билан келганларни кутиб-кузатиб қўяр эди. Дугонамникидан чиқиб, уйларимизга тар­­қал­дик. Шунда бирдан "Дугонам Салиманинг ўрнида мен бўлиб қолганимда нима бўлар эди?" деган ўйдан чўчиб тушдим. "Мен ҳали тавба қилишга улгурдимми ё йўқми? Ҳисоб қилинадиган кунимдан аввал ўзимни бир ҳисоб қилиб кўрдимми? Кимларга яхшилик қилдим-у, нималарга улгурмадим? Ота-онам олдидаги фарзандлик бурчимни адо этдимми? Аллоҳнинг буйруқларини тўлиқ бажардимми ё йўқми? Ҳисоб-китобим қандай бўлади?" деган саволлар гирдобида қолдим. Аллоҳ таолодан бизларга берилган бу мусибат кўзимнинг очилишига сабаб бўлишини сўрадим.

 

Мадина МИРКОМИЛ қизи