Кўпчилик омонатдорликни жуда тор маънода, яъни вақтинча сақлаб бериш учун қўйилган нарсани эҳтиёт қилиш, деб тушунади. Аммо Аллоҳ таоло банданинг зиммасига юклаган намоз, рўза, закот, қодир бўлса ҳаж ҳамда каффорат, назрлар ҳам, бандаларнинг бандалардаги ҳақлари ҳам омонат дейилади. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида мўминларнинг гўзал хислатлари айтилганда, омонатдорлик ҳам мақталган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир"(Нисо, 58).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга қачон хутба ўқисалар: "Кимнинг омонатдорлиги бўлмаса, унда имон йўқ, ким ваъдасига вафо қилмаса, унда дин йўқ", деган сўзни такрорлардилар" (Имом Аҳмад).

Луқмони Ҳакимдан "Сизни бу даражага нима етказди?" деб сўралганида, "Тўғрисўзлик, омонатни адо қилиш ва ортиқча нарсаларни тарк қилиш!" деб жавоб берган экан.

Омонатдорлик гўзал хислат, омонатга хиёнат қилиш энг қабиҳ иллатдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдасига хилоф қилади ва омонатдор қилинса, унга хиёнат қилади", дедилар.

Ёлғон билан хиёнат ҳар бир инсон учун катта қусурдир. Чунки имон кирган қалбга ёлғон ва хиёнат сиғмайди. Шунинг учун ҳам мўмин тўғрилик ва вафодорликни севади, бошқаларни ҳам шунга чақиради. Ҳақ таоло ҳузурида ҳам шу фазилатлари сабабли юксак даражаларга эришади.

Тўғрилик жаннатдаги бир дарахтга ўхшатилади. Бу тўғрилик дарахтининг ер юзига ёйилган шохларидан бирини маҳкам тутган кишини у шох жаннатга элтади. Аксинча, ёлғон - илдизи жаҳаннамда жойлашган бир дарахтдир, ёлғончини дўзахга элтади. Чунки хиёнат ва ёлғончилик адашган қавмларнинг феълларидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: "Гуноҳлар икки хил бўлади: кечирилиши умид қилинадиган ва кечирилиши умид қилинмайдиган гуноҳлар. Кечирилиши умид қилинадиганлари Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир. Кечирилиши умид қилинмайдиганлари эса банда билан банда ўртасида содир бўлади. Бу турдаги гуноҳлар, модомики, ҳакдор мазлум ўз ҳақига рози бўлмас экан, кечирилмайди".

Шу боис мўмин киши эътиборли, хушёр, сўзи билан амали бир бўлиши, доимо ўз нафсини тергаб туриши лозим. Зеро, омонатга ҳиёнат қилмайдиган, гўзал ахлоқли, каттаю кичик гуноҳлардан тийилган инсонларгина Аллоҳ таолонинг фазлига эришади.

 

Охунжон АҲМЕДОВ,

Андижон вилояти "Саййид Муҳйиддин махдум" Ислом ўрта-махсус билим юрти талабаси