Меъёр азал-азалдан борлиқнинг олтин қонуни сифатида қадрланиб, ижтимоий ҳаётда, шахсий-оилавий турмушда, руҳий оламда ҳам унга амал қилишга интилиб келинади. “Меъёр” сўзи “олтин оралиқ”, чегара, маром, зарурий миқдор, мўътадиллик, мукаммаллик, мувозанат каби тушунчаларни ўзида жамлайди. Бир сўз билан айтилса, табиатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам тараққиёти ё таназзули меъёрга бўлган муносабатга, унга қай даражада амал қилинишига боғлиқдир.

“Кишининг ақлли ёки ақлсизлигининг аломати ўз эҳтиёжидан ортиқча дунёга кўнгил қўймаслиги ёки кўнгил кўйишидадир”, дейди Аҳмад Дониш ҳазратлари. Ақлли инсон фақат зарур даражада мол-дунё орттиради. Ақлсизлар эса бу борада меъёрни унутади. Мол-дунёга ҳирс қўяди. Натижада эса ўз бойликлари, ҳирс-ҳаваслари қулига айланиб, ҳаётнинг асл моҳиятидан бехабар, бебаҳра ўтади. Меъёрнинг ҳар қандай кўринишдаги бузилиши хасталикларга сабаб бўлади.

Инсонга зийнат бахш этувчи сифат-фазилатлардан бири нафсни жиловлаб олиш, ейиш-ичишда меъёр сақлай билишдир. Бундай кишилар ҳамиша соғлом, бардам, хушсурат, яхши ахлоқ билан ажралиб туради. Баднафслик оқибатлари эса аянчлидир. Кўп ейиш оз ейишдан ҳам маҳрум қилади, дейди донолар. Яъни, овқатга ружу қўйиш соғлиқни издан чиқаради. Энг ёмони, нафси бузуқликдан нафақат тана, балки кишининг табиати ҳам зарар кўради. Ақл-идрок хира тортади. Зеҳн ўтмаслашади, ўй-фикрлар ҳам бадбинлашади.

“Мол қадрини билгувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганида эса мол-дунёсини аямас. Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби, иқтисоднинг зидди исрофдир. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Тежамкорликка риоя қилган кишилар эса ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшайдилар”. Абдулла Авлоний бу сўзларини давом эттириб, сафоҳат, яъни исрофгарлик энг ёмон хулқлардан ҳисобланади, дейди.

Агар инсон ҳар бир хатти-ҳаракатида меъёрни сақлай билса, бу унга зийнат бағишлаши, меъёрни билмаслиги эса кўпдан-кўп нохушликларга сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда қайта-қайта таъкидланади. Масалан, ўзаро муносабатларда ҳазил-ҳузулнинг ҳаддан ошиши охир-оқибат адоват келтириб чиқариши ёки кўп кулиш юздаги нурни кетказиши ҳақида огоҳлантирадилар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Қудсий ҳадисда эса: “Эй одам боласи, кифоя қилгудек ризқинг туриб, ҳаддингдан оширадиган молни истайсан. Эй одам боласи, озга қаноат қилмайсан, кўпга ҳам тўймайсан. Эй одам боласи, тонг отиб кўз очар экансан, танинг сиҳат, оиланг тинч, бир кунлик таоминг бўлса бор, ортиқча бойликни исташни қўй!” дея марҳамат қилинади. Биз ўз ҳаётимизда Қуръони карим амри, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари, донишманд аждодларимиз панд-насиҳатлари ҳамда анъаналари асосида яшасак, оламнинг олтин қоидасига амал қилган бўламиз ва икки дунё саодатига эришамиз, иншааллоҳ.

Тарбия ойи – муборак Рамазони шариф ҳам келди. Дарҳақиқат, инсон ботину зоҳири тарбиясида рўзанинг, Рамазон ойининг ўрни беқиёс. Рўзадорлик бизни чиниқтиради. Сабримиз, иродамиз қувватланади. Нафсимизга ҳокимлик қила бошлаймиз. Нафсини енга олган кишида эса бошқа инсоний фазилатлар, хусусан, сабр-қаноат туйғуси юзага келади, ҳаётида маром, мўътадиллик, меъёр изга тушади. Меъёр эса, иншааллоҳ, барча яхшиликлар, эзгуликлар сабабчисидир.

Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби