Кўп гапирган киши маҳмадона, бўлмағур нарсаларга ишонаверганни эса лақма дейилади. Мақсадни оз сўз билан ифодалаш имкони бўла туриб, кўп сўзлаш яхши саналмаган. Чунки меъёридан ортиқча сўзлаш инсонга ташвиш, хавф-хатар келтириши мумкин. Ривоят: “Бир киши менга савол қилди. Ташна одам муздай сувни қанчалик истаса, мен ҳам у кишига жавоб беришни шунчалик хоҳладим. Бироқ жавобдан ўзимни тийдим. Чунки ортиқча гапириб қўйишим мумкин эди”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тилни ортиқча сўздан тийган ва молидан ортиқчасини инфоқ қилган одам қандай бахтли кишидир,” деганлар (Бағавий ривояти).

Луқмони Ҳакимдан: “Сиздаги ҳикматнинг сабаби нима?” деб сўрашганида: “...Мен аҳамиятсиз нарсаларни гапириб, ўзимни қийнамадим. Номақбул ишдан узоқ юрдим. Кўз нигоҳим ва тилимни сақладим. Нафсимни тийдим, аҳдимга вафо қилдим. Бефойда нарсаларга уринмадим”, деган экан.

Инсон бекорчи гаплардан тийилиш учун нафсини тарбиялаб, сукут сақлашга ўрганиши лозим. Сулаймон ибн Довуд (алайҳиссалом): “Гап кумуш бўлса, сукут олтиндир”, деганлар. Чунки вайсақиликнинг зарарлари кўп. Охират ғамини ўйлаб, вазмин бўлиб, тафаккур қилиб, зикрлар билан машғул бўлиб юрган одамнинг қалби хотиржам бўлади.

Иброҳим Таймий айтади: “Мўмин фойдали гапни сўзлайди. Йўқса, жим туради”. Тил доим яхшиликка, илм олишга, одамларни тўғри йўлга бошлашга хизмат қилиши керак.

 

Ўролбек РУСТАМОВ

тайёрлади.