Қон – бу ҳаёт. Унинг қийматини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Оғир даражали камқонлик, саратон, оққон, қон ивиш тизими бузилиши билан боғлиқ касалликларда ва турли фавқулодда ҳолатларда қон кетишини тўхтатишда қон ва унинг таркибий қисмлари жуда муҳим аҳамиятга эга.

Гемофилия ва Виллебранд касалликларини даволашда донор қонидан тайёрланган препаратлар ягона имконият ҳисобланади. Бундай беморлар жароҳат олганида қон дарҳол тўхтамайди. Айниқса, бўғимлардан қон кетганида, инсон бутун умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин. Хуллас, ҳар куни шифохоналарда даволанаётган минглаб одамлар донор қонига муҳтож бўладилар. Шундай вазиятлар бўладики, ҳеч қандай замонавий ва қимматбаҳо дори-дармон қоннинг ўрнини боса олмайди.

Шу сабабли бугунги кунда, бутунжаҳон тиббиётида бўлгани каби, юртимизда ҳам донорлик масалаларига алоҳида эътибор бериляпти. Бу борада қонунлар қабул қилинган. “Донорлик қонуни ва унинг компонентлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қон ва унинг компонентларини ўн саккиз ёшга тўлган, тиббий текширувдан ўтган ҳар бир одам топшириши мумкин.

 “Қон топширишга қандай тайёргарлик кўрилади?”, “Қон топшириш хавфсизми?”, “Кимлар қон топшириши мумкин эмас?” деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Аввало, донор (қон топширувчи)нинг ва қон қуйиладиган бемор ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш учун текширув ўтказилади. Донордан қандай касалликлар билан оғригани, қандай даволангани, ҳаёт тарзи ҳақида маълумот олинади (маълумот ошкор этилмаслиги ва бошқа мақсадларда ишлатилмаслигини алоҳида таъкидлаш керак).

Саволларга қониқарли жавоб олингач, донор бармоғидан гемоглобин миқдорини аниқлаш учун бир томчи қон олинади ва текширув натижаси яхши чиққан тақдирдагина қон топширишга рухсат этилади.

Одатда кўпгина мамлакатларда донордан олинган қон организмдаги умумий қон миқдорининг ўн фоизини ташкил қилади (катта одамнинг томирларида 4,5 – 5 литр қон айланади). Организм бу йўқотилган қонни 36 соат ичида тиклаб олади. Донор қон топширган кунининг қолган қисмида имкон қадар оғир жисмоний меҳнат қилмаслиги ва кўпроқ суюқлик ичиши керак.

Қон топшириш учун стерил қўлқоп ва бир марта ишлатиладиган шприцдан фойдаланилади. Шу сабаб донорга турли касалликлар юқиш хавфи йўқ.

Ўзини ёмон ҳис қилган ва камқонликка учраганлар; ҳомиладор ва эмизикли аёллар;

юрак-қон томир касалликлари, қон босими паст ёки юқори, қандли диабет ва руҳий касалликларга чалинган;

антибиотик дори воситаларини қабул қилаётганлар;

гиёҳванд моддалар истеъмол қилган, қон орқали ўтиши мумкин бўлган юқумли касалликлар билан оғриган кишиларга қон топшириш мумкин эмас.

Айтилганидек, беморлар ҳаётини сақлаб қолишда бағрикенглик билан топширилган қоннинг ўрнини ҳеч қандай замонавий ва қимматбаҳо дори-дармон боса олмайди. Сиз берган қон беморлар ҳаётга қайтиши учун сабаб бўлиши мумкин.

 

Аълонур САИДОВ,

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти  директори, тиббиёт фанлари доктори