Камтарлик гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида бундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло менга: «Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин», деб ваҳий қилди» (Муслим ривояти).

Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ даргоҳида ҳам мақтовга лойиқ. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб: "Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди", деганлар (Муслим ривояти).

Камтарликнинг зидди манманлик ва такаббурлик бўлиб, у коинотни йўқдан бор қилган, барча нарсаларни яратишга қодир бўлтан Зот, буюклик соҳиби Парвардигоргагина хосдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

"Бас, осмонларнинг Рабби, Ернинг Рабби, (бутун) оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамд! Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир" (Жосия, 36–37).

Шунинг учун ҳам оят ва ҳадисларда инсоннинг кибру ҳавога берилиши тақиқланган. Агар банда бирор нарсаси билан мақтаниб, ғурурланиб, такаббурлик қилса, у ўз ҳаддини унутиб, ўзига лойиқ бўлмаган, балки Аллоҳ таологагина хос бўлган сифатга даъвогарлик қилган бўлади. Ҳолбуки, банда ҳар қанча кибрлангани билан ожизлигича қолаверади, кибру ҳавоси уни юқори даражаларга олиб чиқмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда бандаларини огоҳлантириб:

"Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан" (Исро, 37), деб марҳамат қилган.

Демак, банда ўз ҳаддини билмоғи лозим. Акс ҳолда у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда бундай дейилган:

"Кудрат ва катталик Менгагина хос бўлиб, улар гўё кийим-бошдек Мен билан доим биргадир. Бас, ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даъвогарлик килса, шубҳасиз, уни азоблагайман "(Муслим ривояти).

Кўпчилик гуноҳлар асосан банданинг кибри туфайли содир бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, Унинг тоат-ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабабчиси ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳадисларининг бирида: "Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди" (Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар.

Ана шу такаббурлик туфайли шайтони лаъин Аллоҳ даргоҳидан қувилди ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлди:

"Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: "Одамга сажда қилингиз!" деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди" (Бақара, 34).

Такаббурликнинг энг юқори чегараси Аллоҳни тан олмаслик, киши ўзининг ожиз банда эканини унутишидир. Барчага маълумки, қадимда яшаб ўтган Фиръавннинг ҳам худолик даъво қилишига ундаги кибр сабаб бўлган эди.

Камтарга камол ёр деганларидек, Ислом дини мўмин-мусулмонларни камтарликка буюради. Инсоннинг асли тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда оғирлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мавжуд. Демак, инсон ўзининг аслига боқиб, ана шунга монанд тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб, кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.

Ислом дини таълимотларида инсон ўзининг касб-ҳунари ва ҳалол меҳнати шарофати билан улуғ даражаларга эришиши мумкинлиги уқтирилади. Бу эса инсон камолоти ва камтарлигини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни дўст тутади", деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифларида эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтганлар:

«Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам кўл меҳнати билан кун кўрганлар» (Бухорий ривояти).

Аллоҳ таборака ва таоло барчаларимизга ҳалол меҳнат қилиш, кибру ҳаводан йироқда бўлиб, камтарлик ва инсоний фазилатлар асосида ҳаёт кечиришни насиб айласин!

Салоҳиддин ГАДОЕВ,

Бухоро шаҳридаги «Хожа Исмат» жоме масжиди имом-хатиби