Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "То мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингга меҳр-мурувватли бўлмагунларингча мўмин бўлмайсизлар" (Имом Муслим ривояти), деган таълимлари бизларни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чорлайди.
Меҳр-мурувват ҳақида Қуръони каримда бундай баён қилинган: "Сиздан (эй Муҳаммад,) кимга эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Нимани хайр-эҳсон қилсаларинг, ота-она, қариндош, етим, мискин ва мусофирларга қилинглар! Ҳар қандай эҳсонларингни Аллоҳ билиб турувчидир"" (Бақара, 215).
Ҳадислардан бирида: "Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом едиринглар, қарз­дорларга қарзларини узишга ёрдам беринглар" дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Атрофдагиларга тили ва қўли ила азият етказмаган, кечиримли бўлган, ҳеч кимга душманлик қилмаган, муросали бўлган кишининг обрўси ортиб бораверади. Ширин сўз ва яхши муомала меҳру оқибат калитидир. Шунинг учун Парвардигор ўзининг каломи шарифида мўминларни ширинсўз бўлишга чақиради.
Ҳадисда: "Ким бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади", дейилган (Имом Муслим ривояти). Демак, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, муҳтож кишиларга мурувват кўрсатишга далолат этсак, қилинган хайру эҳсоннинг савоби бизга ҳам етаркан.
Ширинсўзлик ва яхши муомала тил орқали бўлиши маълум. Шу боис тилга катта эътибор берилади. Халқимизда, тил кўнгил таржимони, деб бежиз айтилмаган. Қайси бир инсоннинг кўнгли пок ва соф бўлса, унинг тилидан бол томиб, ширин гаплар чиқади. "Яхши топиб гапирар, ёмон қопиб", деганларидай...
Тил билан кўнгил ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: "Банданинг қалби тўғри бўлмагунича, имони тўғри бўлмайди, шунингдек, тили тўғри бўлмагунича, қалби тўғри бўлмайди".
Ғийбат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш кабилар тил орқали содир қилинадиган жиноятлар бўлиб, инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат пойдеворига дарз етказиши мумкин. Бу борада мураббий, олим Абдулла Авлоний бундай деганлар:

Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз,
Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз.
Гўзаллик юзда эрмас, эй биродар,
Сўзи ширин киши ҳар кимга ёқар.
Сўзинг оз бўлсину маъноли бўлсин,
Эшитганлар қулоғи дурга тўлсин.
Сўзинг бўлса кумуш, жим турмак олтун,
Миси чиқғай, сўзинг кўп бўлса, бир кун.
Кўпайган сўзнинг бўлғай тўғриси оз,
Шакарнинг кўпидан ози бўлур соз.

Ҳожи Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари