Одам боласи турли воқеа-ҳодисалар, мушкуллик ва бало-офатлар қаршисида ожиз қолганида дарров дуога қўл очади, Яратганга илтижо қилиб, ундан мадад ва нажот сўрайди.

"Дуо" луғатда "чақирмоқ", "ёлвормоқ" маъноларини анг­латади. Истилоҳда эса, инсон ўзининг заиф ва ночорлигини эътироф этиб, эҳтиёжларини Аллоҳ таолодан сўрашидир.

"Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг:) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар" (Бақара, 186).

Инсон ҳар қандай ҳолатда Аллоҳдан сўраши керак.

Ҳадисда, "Албатта, Раббингиз ҳаёли, саховатли Зотдир. Бандаларидан бири қўл кўтариб дуо қилганида, унинг қўлларини бўш қайтарищдан ҳаё қилади", дейилган.

Болаларимизни ёшликдан дуога қизиқтиришимиз, ҳар бир нарсани Аллоҳдан сўраш кераклигини уларнинг онгига сингдириб боришимиз зарур.

Ҳалқумни пок қилиб, ихлос, тавба, илтижо билан сўралган дуо қабул бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "Кимда-кимнинг дуоси гуноҳ ишдан ва қариндошлари билан алоқасини узишдан бошқасига бўлса, Аллоҳ унга учта нарсадан бирини албатта ато этади: ё банданинг дуосини тез фурсатда ижобат қилади ёки унинг савобини охират учун захира қилиб олиб қўяди ёхуд шу дуоси муқобилида бир ёмонликни ундан даф этади". Шунда саҳобалар: "Унда дуо қилишни яна ҳам кўпайтирамиз", дейишди. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳ сизникидан кўра кўпроқ ато қилади", дедилар (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

Демак, инсон дуода давомли бўлса, Аллоҳга хуш ёқадиган суюкли ибодатни адо этади.

 

Гулчеҳра ХАЙРУЛЛОҲ қизи,

Тошкент Ислом институти талабаси