Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминнинг кўп сифатларини баён қилиб, умматни ўша сифатлар билан хулқланишга ундайди. Мўминларнинг сифати гўзал хулқ эканини зикр қилиб, дейдилар: “Агар камгап, босиқ мўмин кишини кўрсангиз, у билан дўстлашинг. Чунки у ҳикмат сочади” (Ибн Можа ривояти).

“Ким яхши амалидан хурсанд бўлиб, ёмон амалидан хафа бўлса, у мўминдир” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Имом Ғаззолийдан (раҳматуллоҳи алайҳ) гўзал ҳулқ ҳақида сўрашганида, бундай жавоб берган эканлар: “Гўзал хулқли кишининг ҳаёси кўп, озори кам, камгап, амали кўп бўлади. Яна у вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. Лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқалоқ, кекчи, бахил, ҳасадгўй эмас. Доимо юзлари очиқ, жилмайиб туради...”.

Одобли киши азиятларга сабр қилади, жафоларга бардош беради. Юсуф ибн Абсот дейди: “Гўзал хулқли бандада бир неча хислатлар намоён бўлди: низолашмайди, адолат қилади, бошқалардан хато қидирмайди. Бирор ёмонликни сезиши билан дарҳол уни яхшилашга киришади, кечиримли ва азиятларга бардошли бўлади, нафсини жиловлай олади, ўзганинг эмас, ўзининг айбини тўғрилашга ҳаракат қилади, каттаю кичик, бою камбағалларга бирдек муомала қилади”.

Ойша онамиздан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари ҳақида сўрашганида: “У зотнинг хулқи Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Имом Қатода Ойша онамизнинг бу сўзларини шарҳлаб, бундай дейди: “У зотнинг хулқи Қуръон, дейишдан мурод Қуръонда келтирилган барча гўзал хулқлар у зотда мужассам эди, деганидир”.

Донишмандлар: “Сабр, иффат, шижоат ва адолат гўзал хулқли инсоннинг ҳамроҳидир”, дейишган. Чунки жаҳл чиққанида ўзини босишга, бировга азият беришдан тийилишга, раҳмдил бўлишга сабр ёрдам беради. Иффат эса зарарли амал ва дилга озор берадиган сўзлардан узоқ бўлишга ундайди. Шунингдек, ёмонлик, бахиллик, ёлғончилик, ғийбат ва чақимчилик каби иллатлардан сақлайди. Шижоат юксак ахлоқий ҳусусиятларни худбинликдан афзал кўришга, бағрикенгликка, ғазабни босиб, нафсни турли васвасалардан ҳимоя этишга ундайди. Адолат хулқларнинг тўғриланишига олиб боради. У жуда қаттиққўл ҳам, жуда эътиборсиз ҳам бўлмасликни талаб этади ва инсонни фидойилик томон етаклайди.

Нафс мана шундай риёзатлар билан тарбия топади, хулқлар гўзаллашади. Ботин ғашликдан, сохталикдан, кекдан покланади. Ана шунда инсон гўзал хулқнинг юксак даражасига эришади – Аллоҳ таоло тақдир қилган барча нарсага рози бўлади. Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаслик эса жуда ёмондир. Юқорида айтилганидек, бунинг аломати кишининг зоҳиридан сезилиб туради. Бу аломатлардан холи нафс ҳам “хулқим гўзал” деб алданиб қолмаслиги керак. Балки қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилиб, гўзал ахлоқ камоли учун интилиши лозим. Бу юксак даражага эса Аллоҳга яқинлаштирадиган яхши амаллар билангина етиш мумкин. Қуръони каримда: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юради, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар” дея жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63), дейилган.

 

Дилфуза РАҲИМЖОН қизи тайёрлади.