Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8).

Эзгулик ерда қолмас. Яхшилик ва ёмонлик қанчалик катта ёки кичик бўлмасин, ажр ва мукофоти, жазо ва оқибати тайиндир. Эзгулик, қилинган ҳар бир яхшилик кишининг жаннатга киришига васила бўлади, садақа каби соҳибини балолардан сақлайди. Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳар бир эзгу амал садақадир!" дедилар" (Имом Бухорий ривояти).

Яхшилик ва ёмонликни эътиборсиз қолдириш, ҳисобга олмаслик, албатта, яхши иш эмас. Жумладан, аслида жуда кичик саналаган яхшилик ҳам улфатчилик ва муҳаббатга сабаб бўлганидан, Аллоҳ таоло бу ишни яхшилик дафтарига ёзажакдир. Ҳатто у сувга келган одамнинг идишига сув қуйиб бериш каби ўзи енгил, заҳматсиз иш бўлса-да! Шунингдек, кичик бир яхшиликни қилишга қодир бўлмаган кишининг ёмонликдан тийилиши ҳам садақа мақомидаги амал саналади. Зеро, Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: "Ҳар бир мусулмон садақа бериши лозим", деб айтдилар. Шунда одамлар: "Агар садақа қилгулик нарса топа олмаса-чи?" деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қўллари билан меҳнат қилиб, ўзи ҳам манфаатлансин, садақа ҳам берсин!" дедилар. Одамлар: "Агар ишлашга қурби етмаса ёки ишламаса, нима қилади?" дейишди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ночор ва ҳожатманд кишига мадад берсин!" дедилар. Одамлар: "Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?" дейишди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бошқаларни яхшиликка чорласин!" дедилар. Одамлар: "Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?" дейишди. Набий (алайҳиссалом): "Ёмонликдан ўзини тийсин, ўша у учун садақадир!" деб жавоб қилдилар" (Имом Бухорий ривояти).

Аксарият ҳолларда кишилар эътиборидан четда қоладиган, тийилиш лозим бўлган ёмонликлар сирасига такаббурлик, бир-бирини зимдан кузатиш, чақимчилик, ғийбат кабилар киради. Мўмин бу ишлардан узоқ бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолодан паноҳ тилаши, мусулмонга номуносиб ҳолатлардан сақлашини сўраб дуо қилиши лозим.

Шунингдек, бирор одам сизни ўзингизда бор айблар билан айбласа, юзингизга солса, сиз бу ишдан тийилинг. Шунда сизга савоб бўлади. Бу ҳам сизнинг ҳисобингизга бир яхшилик ўлароқ ёзилади.

“Амалларнинг Аллоҳ таолога энг суюклиси, оз бўлса-да, давомли бўлганидир”, дейилади ҳадиси шарифда. Яъни оз, лекин давомли бўлган эзгулик, кўп бўлса ҳам давомсиз бўлган эзгуликдан яхшироқдир. Шундай экан, бировга озор бермаслик, ёши катталарга юкларини кўтаришда ёрдам бериш, бировнинг кўнглини кўтариш, ёнимиздаги одамга ширин сўз айтиш каби жуда оддий кўринган амалларни қилишимиз ўзимиз учун фақат хайрлидир. Бу яхшиликларимиз, иншоаллоҳ, улкан мукофот бўлиб бир кун ўзимизга қайтади.

Аллоҳ таоло барчамизни эзгу ишлари давомли бандалар қаторида қилсин!

 

Гулбаҳор ФОЗИЛЧАЕВА,

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабаси