Инсон чиройли одоби, ибодати ва Ҳаққа бўлган муҳаббати билан

дунёю охират саодатига эришади. Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш, Унинг суюкли бандасига айланишдек улкан бахт йўқ. Айтайлик, раҳбарнинг ёки бир улуғ зотнинг назарига тушган, меҳрини қозонган киши ўзини қанчалар саодатли ҳис этади.

Биз эса барча махлуқотларнинг Раббиси, бутун оламларнинг Парвардигори, икки дунёнинг подшоҳи, бандаларга ўз раҳматини ёғдириб, уларни ризқлантирган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббатига эришиш йўлидамиз. Бу улуғ муҳаббатга нима билан эришиш, Унинг розилигини қандай топиш мумкин?

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).

Доимо яхши амалларни бажариш, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, кечиримли бўлиш, ғазабни жиловлаш, бошқаларга озор етказмаслик улуғ хулқлардан. Холис ва тўғрилик билан ҳаққа риоя этиш, омонатга хиёнат қилмай, инсофли бўлиш учун инсон масъулиятни ҳис этиши лозим. Барча амалларни Аллоҳ кўриб турганини англаб, ихлос билан бажариш зарур.

Қуръони каримда бундай хабар берилади: “Аслида эса ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон, 76).

Ибодатларни мукаммал адо этишда, гуноҳлардан сақланишда, Аллоҳ томонидан имтиҳон ва синов учун юборилган мусибат ва баъзи бир машаққатларга бардош беришда ирода ва қатъият билан нафсни жиловлай олишда инсонга сабр, матонат асқотади. Манбаларда сабр имоннинг ярми экани, Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга бўлиши баён этилган.

Яна бандадан қилган хато ишлари ва мукаммал бажара олмаган амаллари учун тавба қилиб, истиғфор айтиш ва бошқа бундай хатоликларга йўл қўймаслик талаб этилади. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222), дейилган.

Кийим-кечак, уй-жой, бадан ва халқумни пок тутиш, қалбни ширк, ҳасад, адоват, фисқу фужур каби иллатлардан асраш учун ҳам шижоат қилиш лозим. Зеро, поклик имоннинг бир бўлагидир, дейилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида, 42).

Вазиятга тўғри баҳо бериш, аразлашиб қолганлар ўртасини яхшилик билан ислоҳ қилиш, ҳақдорларнинг ҳақига риоя этиш, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик, фарзандларнинг барчасига бирдек яхши муомала қилиш, доимо инсофли бўлиш адолат ҳисобланади.

“...(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).

Ҳар қандай ишни бажаришда Аллоҳдан мадад сўраш, ишни адо этиш билан бирга натижани Аллоҳдан кутиш таваккулдир. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг ўзи унга кифоя қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муҳаббатига сазовор айласин.

 

Баҳодир МИРКАМОЛОВ,

Қашқадарё вилояти  Шаҳрисабз туманидаги “Саъд ибн Ваққос” жоме масжиди имом-хатиби