Рамазон ойи мўминлар учун тоат-ибодатларни кўпайтириш мавсумидир. Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми?” (Саф, 10) деб марҳамат қилади. Албатта, бу Раббимизнинг ожиз бандаларига улуғ таклифи, мукофотидир. Абадий саодатда, суюкли бандалар билан, битмас-туганмас неъматлар ичида ҳаёт кечириш имкониятидир.

Аллоҳ таоло рамазон рўзасини бандаларини зарар ёки машаққатга солиш учун эмас, балки уларда тақво ҳосил бўлиши, нафслар покланиши, ахлоқлар гўзал бўлиши каби буюк ҳикматлар асосида фарз қилди. Парвардигор марҳаматли зот. Бандалари доим тўғри йўлда бўлишини яхши кўради. Шунинг учун “савоб” ва “гуноҳ” ишларни баён қилди. Инсонларга ақл бериб, гуноҳдан тўхташ, савоб ишларда давомли бўлишни буюрди. Мўмин учун савоб топиш имкони жуда кўп. Шунингдек, гуноҳ иш қилган бўлса, бунга каффорат бўладиган амаллар бисёр. Масалан, покликни олайлик. Ер юзидаги жамики инсонлар, ҳатто ҳайвонлар ҳам покланади. Лекин мусулмон ният билан таҳорат олиб, кундалик ювинишни ибодатга айлантиради. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат олганида юзини ювса, кўзи билан содир этган хатолари юзидан сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Икки қўлини ювганида у билан ушлаб қилган барча хатоси сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Икки оёғини ювганда у билан юриб қилган барча хатоси сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Ҳатто гуноҳлардан тоза бўлиб чиқади” (Имом Муслим). Бу ибодат кунига камида беш маротаба такрорланади.

Шунингдек, рамазон ойида имон ва савоб умидида тутилган рўза ўтган барча гуноҳларга каффоратдир. Бошқа ойда қилинган амаллар савобига нисбатан рамазонда қилинган амалларнинг савоби улуғдир. Бу ойда жаннатлар зийнатланиб, дарвозалари очилади. Дўзахларнинг эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади. Рўзадорга ҳам қатор имтиёзлар берилади: Абдуллоҳ ибн Абу Авфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Рўзадорнинг уйқуси ибодат, жим туриши тасбеҳ, амали кўпайтирилган, дуоси мустажоб, гуноҳи мағфират қилингандир”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Байҳақий). Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Қиёмат кунида бир нидо қилувчи: “Барча амал қилувчиларнинг ажри кўпайтириб берилади. Фақат Қуръон аҳли ва рўзадорларнинг ажри ҳисобсиз берилади”, деб нидо қилади» (Имом Байҳақий).

Бу ой сабр мавсуми ҳам бўлиб, ҳеч бир ибодатда сабр рўза вақтидагидек намоён бўлмайди. Рўза сабрнинг ярми, сабрнинг ажри эса жаннатдир. Хусусан, иссиқ кунда, чанқоққа сабр қилиб тутилган рўза, салқин, ҳамда калта кунларда тутилган рўзанинг савобидан улуғроқдир.

Кўп одамлар савобли амаллар қилиш учун бор ғайратларини, маҳоратларини ишга солишади. Рамазон ойи уларнинг ана шу орзуларига етиш учун катта имконият. Ибн Ҳузайма (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Кимки рамазон ойида бирор хайрли амални бажарса, гўё рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё рамазондан бошқа ойда шунга ўхшаш етмишта фарзни адо қилгандек бўлади”, деганлар (Имом Байхақий).

Мўмин биргина Қуръон тиловати учун улкан савобга эга бўлади, фаришталар орасида танилади. Аллоҳ таоло уни Ўз ҳузурида зикр қилади. Боқий жаннатда, боқий неъматларини тортиқ қилади. “Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” (Мутоффифун, 26).

Саидакбархон ВАЛИЕВ,

ТИИ 2 курс талабаси