Қариялар билан суҳбатлашсангиз, ёшларга ҳа­вас қилишади: "Бизнинг давримизда бунақа имкониятлар бўлмаган-да..." дейишади. Айни чоқда, тилимиз сийқалашиб, ёшларда нутқ маданияти йўқолиб бораётганидан ташвиш билдиришади.

Чиндан ҳам интернет, радио, телевидение, сон-саноқсиз компютер ўйинлари, чет эл филмлари таъсир этибми, ёшларнинг нутқи, муомала одобида салбий ҳолатлар кузатиляпти. Ўзбек тили мафтункорлигини, балоғату фасоҳатини йўқотиб бораётгандай. Айрим ёшларнинг суҳбатларига қулоқ тутинг, айтаётган гаплари қанчалик маъносиз ва, энг ёмони, хунук ибораларга тўла эканини биласиз. Бундай болалар ота-она, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ўқитувчилар билан қанақа гаплашар экан? Ўртадан суҳбат одоби кўтарилса, ота-онани ва яқинларни битта сўз билан хафа қилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Кўча-кўйда атрофдагиларга бемалол ҳурматсизлик қилиш, бундан ҳатто хижолат ҳам чекилмаслиги... яхши эмас.

Энг хавотирлиси, ўқувчи ва талабалар билан устозлар ўртасидаги муносабатларда муомала одобининг йўқолиб бораётгани. Буларнинг асосий сабаби зарарли ва кераксиз ахборотларнинг турли йўллар билан кириб келиши ҳамда одамларнинг тобора кам китоб ўқиётганида, деб биламан. Истаган маълумотни интернетдан топишга вақт топамиз, туну кун радио-телевединиени эшитамиз-кўрамиз, дунё хабарларини билишга тиришамиз, аммо китоб ўқишга, газета-журнал варақлашга вақт тиғизлик қилади. Китоб ўқиш нутқ равонлигини оширади, фикр доирасини кенграйтиради, ахлоқимизни гўзаллаштиради. Ҳазрати Алишер Навоий сўз қадрини бениҳоя улуғлаб, бундай ёзади:

 

Сўздирки, нишон берурўликка жондин,

Сўздирки, берар жонга хабар жонондин.

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

 

Юсуф Хос Ҳожиб равон нутқ тузишга ҳамда тил ва сўзни авайлашга, оғзига келган сўзни ўйлаб гапиришга чақиради:

 

Киши сўз туфайли бўлади малик,

Ортиқ сўз қилади бу бошни эгик,

Тилингни авайла омондир бошинг,

Сўзингни авайла узаяр ёшинг.

 

 

Лолахон ҲАМДАМОВА,

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси