Умр – оқар сув. Кўз очиб-юмгунча кунлар ойларга, ойлар йилларга уланади. Биз эса ўткинчи дунё юмушлари билан шу қадар оворамизки, энг қимматли бойлигимиз – вақтнинг шамолдек елаётганини сезмай ҳам қоламиз. Ваҳоланки, бу сониялар, дақиқалар, соатлар умр дегани. Ўтаётган ҳар лаҳза бизни охират диёри сари етаклайди. Шундай бўлгач, бир онни бўлсин беҳуда ўтказишга ҳақимиз йўқ. Ҳар лаҳза бир ҳақиқатни – ёруғ дунёда борлигимиз учун Парвардигорга шукр қилишимиз, ибодатда қоим ва доим бўлишимиз кераклигини ёдда тутмоғимиз зарур.

Ҳар кунги беш вақт намоз – Аллоҳга шукримиз ифодаси, бизга ато этилган неъматлар ичра энг улуғи. Йилда бир келадиган, нафсимизни очлик, ташналик ила тарбиялайдиган Рамазон ҳам шундай. Улар – ғанимат умримизнинг ёғдули онлари, байрам кунлари...

Кеча кундузга, кундуз тунга уланиб умр ўтиб боради. Аслида, бу ҳам тафаккур қилишимиз учун: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир” (Оли Имрон, 190).

Яъни, мўмин киши кун ва туннинг ҳисобини тўғри била олиши, муносиб тақсимлаши ва бандаликка ярашиқли ишларга сарфлаши зарур. Зеро, ўтаётган умрнинг бир сониясини ҳам ортга қайтариб бўлмайди. Бу сониялар учун эса улуғ Кунда жавоб бермоғимиз бор. Ўша Кунда надоматда қолмаслик учун ҳам вақт, умр неъматининг қадрига етайлик.

Ҳасан Басрий айтганларидек: “Дунё ўзи уч кунлик. Кеча қилган ишларинг ўтиб кетди. Эртага етишинг аниқ эмас. Сенда фақат бугунинг бор. Демак, бугунингда яхши амал қилиб қол!”

 

Дилрабо СОТВОЛДИЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юрти талабаси