Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ, 1–5).

Илм олиш ва таълим бериш фазилати ҳақида Имом Бухорийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ида 102 та, Имом Ғаззолийнинг (раҳимаҳуллоҳ) “Иҳёу улумиддин”ида 55 та ҳадис келтирилган. Шунингдек, бошқа муҳаддислар ҳам илм борасида юзлаб ҳадис ривоят қилишган. Юқорида зикр этилган ва яна 1000 га яқин оят ва юзлаб ҳадисда илм ва олимларнинг фазли баён этилган. Илмсиз ва илмга лоқайд бўлганлар огоҳлантирилган. Қуръони каримда “илм” сўзи 81 марта келган. Бу сўз билан ўзакдош “алима” (билди), “яъламу” (билади), “яъламуна” (биладилар), “иълам” (бил), “аллама” (ўргатди), “юъаллиму” (ўргатади), “ал-уламау” (илмли кишилар), “Алийм” (жуда кўп билувчи), “аллом” (ўта билимдон) каби кўринишлари эса 811 марта зикр қилинган. Жумладан, “Зумар” сурасининг 9-оятида бундай дейилган: «...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурму?”...» Яъни, ҳеч қачон биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлмайди, дейилмоқда. Аллоҳ таоло “билмайдиганлар”ни ҳам билим олишга, ўрганишга буюриб, бундай марҳамат қилади: “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!” (Наҳл, 43). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билмасликнинг шифоси сўрашдир”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир инсон ўзи учун зарур ва фойдали бўлган илмни ўрганиши лозим.

Юсуф Қарзовийнинг “Ар-Расул вал илм” китоби асосида Тошкент Ислом институти талабаси Баҳодиржон АЪЗАМОВ тайёрлади.