Бойлик Аллоҳ таоло бандасига берган инъоми ва омонатидир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш закотини бериш, тежаб, исрофга йўл қўймай ҳалол ва пок ўринларда ишлатиш билан бўлади. Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) айтганларидек, "Камтарлик фақирликнинг зийнати, шукр эса мол-дунёнинг зийнати ҳисобланади". Инсон қиёмат куни бошқа амалларидан ҳисоб-китоб қилингани каби, бойлигини қандай топгани ва ундан фойдалангани ҳақида ҳам сўралади.

Аллоҳ таоло: "Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз" (Лайл, 5-7), деб марҳамат қилган.

Яъни, бойлигини ҳаром жойларга сарфлашдан сақланиб, Парвардигор розилиги йўлида, У буюрганидек ишлатганларга Аллоҳ таоло ҳидоят йўлини осон қилади. Мўмин-мусулмон мол-мулкини Аллоҳ таоло кўрсатганидек сарфлаши молиявий ибодат (садақа) ҳисобланади. Бундай кишиларга кўплаб ажр-мукофотлар ваъда қилинган.

Бу молиявий ибодат нуқсонли бўлмаслиги учун унга риё, миннат каби зарарли иллатлар аралашмаслиги керак.

Лайл сурасининг охирги оятларида: "Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг "юзи"ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) рози бўлур", дейилган.

Ихтиёрий равишда садақа бериш оғир. Бундай қийинчиликни бўйнига олиб, риё ва бахилликдан қочиб, ҳақдорларга садақа қилган кишилар мақомини Аллоҳ таоло нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам кўтаради.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бойлик молнинг кўплиги эмас, балки (чин) бойлик кўнгил тўқлигидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Кўнгил тўқлиги дейилганида, инсон қўлидаги мол-мулкига қаноат қилиши билан бирга, унинг баракали, дунё ва охиратда манфаатли бўлишини ҳамда бошқалар қўлидаги бойликка тама қилишдан паноҳ сўраши тушунилади.

Оми одам Аллоҳ таоло уни олим қилса, илмига амал қилиб, бошқаларга таълим беришини ҳавас қилганидек, имкони йўқлар ҳам Аллоҳ таоло фалончи кишини бой қилганидек, мени ҳам бой қилса, уни дунёю охиратимни обод қилиш учун У зот йўлида сарфлар эдим деб ҳавас қилиши лозим.

Шу боис ҳам бойликнинг қадри юксакдир.

 

Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.