Рамазон ҳайити кунлари муҳтожлар, фақир-мискинлар ҳолидан хабардор бўлиш, инфоқ-эҳсон қилиш, болажонларга ҳайитлик улашиш азалий одатимиздир.

Бу каби ишлар фарзанд­ларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг миллатга, қадриятлари­мизга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топи­шида муҳим аҳамият касб этади.

Анас ибн Молик (розиял­лоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бир-бирингиз­га ҳадялар беринг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр ўйғотади», – дедилар (Ибн Абуддунё «Макоримул ахлоқ» китоби).

Ҳайит кунида бемор кўриш, узоқлашиб кетган қариндошлар, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан алоқаларни тиклаш лозим. Чунки манбаларда силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган киши­ларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида баён этилади.

Таниш-билиш, ёру дўстларни ҳайит билан табрик­лаб, қалбларга хурсандчилик ва шодлик бахш этиш инсонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордир” (Бақара, 262);(Эй Муҳаммад,) қавми қариндош­га, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳақларини ато этинг ва исрофга йўл қўйманг!” (Ал-Исро, 26).

Баъзи жойларда ҳайит кунлари динимизда буюрилмаган, исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ҳолатлари кузатилади. Бу динимизга зиддир. Хурсандчилик, шоду хуррамлик рамзи бўлган байрамни азага айлантириш мутлақо тўғри эмас.

Ҳайит кунлари қариндош-уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдагиларни зиёрат қилиб, дуоларини олсак, аҳилларимизга совғалар улашиб, хурсанд қилсак, бунинг савоби улуғдир.

 

Зиёвуддин МАҚСУДОВ