Ота-оналарни ҳурмат қилинглар, фарзандлар ҳам сизларни иззат-икром қилишади (Ҳадиси шариф) .

Аллоҳ таоло ато этган неъматлар ичида фарзанд неъмати жуда улуғдир. Кимдир тирноққа зор, бошқа бировнинг эса кўп фарзанди борлиги буюк Раббимизнинг ҳикматидир. Фарзанд кўриш ва унга меҳр бериш орзусидаги ота-оналар қанча. Аллоҳ таоло бизларга ато қилган фарзандларнинг шукрини адо этиш ўша неъматни тўғри мақсадга йўналтириш билан ҳам бўлади. Бунинг учун бола тарбиясини мурғаклик пайтидан бошлаш лозимдир. “Бола бошидан” деб бежиз айтилмаган.

Ота оила нафақаси сабабидан кўпинча ишда бўлади. Фарзанднинг соғлом униб-­ўсиши, гўзал хулқли бўлишида онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-боболаримиз болага қандай йўсинда муомала қилиш кераклигини, хато ишларига қайси ҳолатда танбеҳ бериш лозимлиги ҳамда нима яхши-ю, нима ёмон эканини ўзлари ибрат бўлиб, гўзал услублари ила тушунтирганлар. Чунки камчиликларини тўғри тушунтирмасдан, жеркиб, қўпол муомала қилиш, калтак­лаш бола тарбиясига ёмон таъсир қилади. Бундай вазиятда вояга етаётган боланинг қалбида меҳр-шафқат ўрнини қўполлик, дағаллик каби салбий сифатлар эгаллайди. Раҳматли бувим: “Фарзандинг айбдор бўлса ҳам, унга чиройли тарзда тушунтир, қилаётган иши яхши эмаслигини ётиғи билан айтиб, насиҳат қил”, дерди.

Баъзи бир ота-оналар кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаганини кўриб, бу ишлари нотўғри экани айтилса: “Урсам ўзимнинг фарзандим, сиз аралашманг”, дейди. Фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимиз ва Ислом дини кўрсатмаларига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ёш бола бирор-бир инсондан меҳр кўрса, буни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу) ёшлигида бўлиб ўтган бир воқеани эслайди: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир боланинг юзини муборак қўллари билан силаб қўйдилар. Сўнг менинг юзимни ҳам меҳр билан силадилар. У Зотнинг қўлларидан худди атторнинг хушбўй солинган идишидан таралгани каби хушбўй ҳид таралиб турарди”.

Аллоҳ берган фарзанд неъматининг қадрига етиш ва унинг одобини гўзал қилиб, келажакда ўзи ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи инсонлар қилиб тарбиялаш бахти барча ота-оналарга насиб этсин.

 

Абдуқодир МУРОДОВ,

Қарши тумани