Ҳаёт доим тўкис бўлавермайди, инсон гоҳида камбағаллик ёки бойлик билан ҳам синалади. Шундай пайтда камбағал бой эмаслигини рўкач қилмаслиги, бой эса кибрланиб, ҳаволаниб кетмай муҳтожларга саховатли бўлиши лозим. Аммо ҳаддан ошиб, ўринсиз ишлатиш ҳам ярамайди. Баъзи бойлар муҳтожлар қолиб, фақат ўзи каби тўқ кишиларга эҳсон дастурхони ёзса, айрим ночор кишилар қарзга ботиб, катта эҳсон беришни исташади. Ризқ Аллоҳдан, эҳсон, садақанинг ўрни ортиғи билан тўлишига шубҳа йўқ. Бироқ савоб эҳсоннинг кам-кўплигига қараб эмас, балки оз бўлса ҳам бераётган кишининг сидқи ва ихлосига қараб берилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирадилар: "Аллоҳ сизлардан деди-дедини, кўп савол беришни ва молини бекорга совуришни хуш кўрмайди" (Имом Бухорий ривояти).

Ўта камхарж бўлиб, қўлни боғлаб, муҳтожга ёрдам беришдан қочиш бахилликдир. Ҳазрат Алишер Навоий: "Қил яхшилиг-у, демакни дохил қилма, Миннат била яхшилиғни ботил қилма". Яъни, қилган яхшилигингни гапириб юрма, миннат қилиш билан у яхшиликни йўқ қилиб юборма, дейди.

Ўринсиз жойларга сарф­харажат қилиб, мулк­ни беҳуда совуриш исрофдир. Динимиз камбағаллигида ҳам, бойлигида ҳам ўрта йўлни тутишга буюради. Демак, керакли ўринларга пул сарфлаш, ҳатто еб­ичиш, кийиниш, уй­жой қуриш, умуман, барча эҳтиёжларда ўрта, мўътадил йўлни танлаш муҳимдир. Қуръони каримда: "Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) нафақа қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида - мўътадилдир" (Фурқон, 67), дейилган.

Агар шаръий бўлмаган ишлардан ўзимизни тийсак, маблағларимизни ўринли жойларга ишлатсак, оилаларимизда аҳил-иноқлик барқарор, бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз янада мустаҳкам бўлади. Энг асосийси Аллоҳ таолонинг розилигига эришамиз.

Аммор (розийаллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ё Аллоҳ, ...мен ҳар доим Ўзингдан қўрқишни, ғазабдаю розиликда ҳақни айтишни, фақирлигу бойликда ўрта бўлишимни Сендан сўрайман..." деб дуо қилар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Нўъмонхўжа ҲАМИДОВ,

Тошкентдаги "Қуддуси шариф" жоме масжиди имом-хатиби