Инсонлар бир-бирларига яхшилик қилишга, меҳр-оқибатли бўлишга буюрилган.

Айниқса, гўдаклар, аёллар ва кекса кишиларга эътиборли бўлиш динимиз кўрсатмаларидандир.

Банда кексалик ёшига етиб, жисми заифлашиб, бошқаларнинг ёрдамига, хизматига муҳтож бўлганида, фарзандларнинг масъулияти янада ортади. Кексайгач, инсоннинг кўнгли ҳам нозиклашади ва арзимасдай туюлган қўпол муомалани ҳам кўтаролмайди. Ана шундай вақтларда фарзанд ота-онанинг хизматини сидқидилдан қилиши айни савобдир. Чунки ота-она ўз жигаргўшаларини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида машаққатларга сабр қилди, уларга меҳр билан муомалада бўлди.

Онамиз Хадича (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз силаи раҳм қиласиз ва тўғpи сўзлайсиз”, деган эди.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофларидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: “Раббимдан ун (онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки у охиратни эслатади”, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўдакликларида оналари қазо қилган. Бу ҳадиси шариф эса пайғамбар бўлганларидан анча кейин айтилган. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналарини эслашлари, қабрини зиёрат қилиб йиғлашлари у зотнинг фарзандлик бурчларини чуқур ҳис этганларини билдиради.

Бу гўзал одоб ота-онасини ранжитадиган, ҳатто вафотидан кейин ҳам ҳурматини сақламайдиган кимсалар учун катта ибратдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ва яқин қариндош-уруғларингни огоҳлантир» ояти (Шуаро, 214) нозил бўлганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурайш қабиласини жамлаб, бундай деган эдилар:

“Эй Бану Абду Шамс, эй Бану Каъб ибн Луъай, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Абдуманноф, Эй Бану Ҳошим, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Абдулмутталиб, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Фотима, ўзингни жаҳаннамдан қутқар! Мен сизлар учун Аллоҳ ҳузурида бирон нарсага молик эмасман, бироқ ўртамизда қариндошлик бўлиб, у орқали сизлар билан (дунёда) алоқа қиламан, холос” (Имом Муслим ривояти).

Кекса ёшли кишиларнинг дуолари туфайли тинчлик бўлади, хонадон ва юртда бало-офатлар рўй бермайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди”.

Шу боис ҳам донишманд халқимиз ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт бўлган кишиларга: “бой-бадавлат экансан”, дейишади. Мусулмон кишининг ёши улғайган сари даражаси ҳам ортиб боради. Ҳатто дин йўлида соч-соқоли оқарган кекса киши шафоат қилишдек мақомга эга бўлади, дейилган.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-оналарингизга яхшилик қилинглар, фарзандларингиздан қайтади”, мазмундаги ўгитларини унутмаслигимиз зарур. Шунда табаррук ёшга етган ота-оналаримиз, қариндошларимиз ҳолидан хабар олиш доимий хайрли амалларимиздан бирига айлангай, иншааллоҳ.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири