Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуруд, саловот ва саломларимиз бўлсин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибга келганларида бу шаҳар аҳлининг байрам қиладиган икки куни бор эди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) у кунлар ҳақида сўрадилар. “У кунлари биз жоҳилият даврида ўйин-кулги қилардик, дейишди улар”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло у иккисини сизлар учун энг яхши Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларига алмаштирди”, дедилар. Муҳтарам Юртбошимизнинг фармонига кўра, ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари дам олиш куни деб эълон қилиниши ҳам байрамларимизга ўзгача мазмун бахш этади.

Байрамлар хурсандчилик онлари бўлиши билан бирга, зиммамизга бир қанча масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда дунёга келишимиз сабабчилари, бизни гўдаклигимиздан тарбиялаб, улғайтирган ота-оналаримизни зиёрат этишимиз, уларни шод қилиб, дуоларини олишимиз керак. Улуғ айёмда ёши улуғларни йўқлаб, кичикларга совға бериб, суюнтириш қанчалар савобли амал.

Байрамда қариндош-уруғларни, ёр-дўстларни, устозларни зиёрат қилиб, дуоларини олиш, ногиронлар ҳолини сўраш мусулмонга ярашиқли, савоби катта. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли ака-ука, таниш-билишлар ҳам байрам шарофати билан бир-бирларига қучоқ очсинлар.

Байрам кунларида Аллоҳ таолога севимли иш яқинларга совға-салом улашиш, муҳтожларга мурувват кўрсатишдир. Қурбон ҳайити кунлари эса қодир бўлганлар жонлиқ сўйдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дея башорат берганлар. Зеро, ушбу ибодат Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатдан покланишдир.

Шу ўринда бир нарсани эслаб ўтиш жоиз, ҳайит кунлари таъзия билдириб, мусибат кўрган хонадонларга бориш бидъат амаллардандир. Яқинлари вафот этганларнинг байрам хурсандчилигига рахна соладиган маросимлар ўтказиши динимиз кўрсатмаларига ёт. Мўмин-мусулмон байрам кунини мотамга, хурсандчиликни ғам-қайғуга алмаштирмайди. Зеро, маблағни бундай бидъат маросимларга сарфламаслик керак. Аксинча, муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатган яхшидир.